Нуқсонли товар қонун талабини бажармаган сотувчига қайтарилди
Қўқон шаҳрининг Алишер Навоий мавзесида истиқомат қилувчи Н.Турсунқулов ўтган йилнинг май ойида шаҳардаги “Ҳамроҳ” кредит савдо дўконидан SAMSUNG GALAXY А-40 русумли уяли алоқа воситасини 4 464 880 (тўрт миллион тўрт юз олтмиш тўрт минг саккиз юз саксон) сўмга муддатли тўлов шарти билан олди-сотди шартномасига асосан харид қилган.
Харид қилинган ушбу уяли алоқа воситасига белгиланган кафолат муддати ичида нуқсон кузатилган. Истеъмолчи сотувчига учрашиб, уяли алоқа воситасидаги носозлик, яъни суҳбат чоғида бехосдан ўчиб қолаётганлигидан шикоят қилган. Сотувчи вакиллари эса истеъмолчига бу масалада SAMSUNG сервисга учрашишлигини тушунтирганлар. Бироқ сервис компанияси мутахассислари негадир ушбу уяли алоқа воситаси Қирғизистонда ишлаб чиқарилганлигини айтиб, кафолат муддати ичида бепул таъмирлаш ишларини амалга ошира олмасликларини билдирганлар.
Шундан сўнг истеъмолчи яна кредит савдо дўконига келган ва сервис компанияси мутахассисларининг телефон масаласидаги фикрларини етказган. Лекин сотувчи томони истеъмолчига ушбу масалада ёрдам бера олмаслиги маълум қилинган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, истеъмолчига сотилган товарда кафолат муддати ичида нуқсонлар аниқланса, у ушбу товардаги нуқсонларни бепул бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, мазкур модданинг тўртинчи қисмига асосан истеъмолчи ўз талабларини сотувчига қўяди.
Қонуннинг 15-моддасига кўра эса сотувчи истеъмолчининг нуқсонларни бартараф этиш тўғрисидаги талаби қўйилган кундан бошлаб йигирма кун ичида товар нуқсонларини бепул бартараф этилиши чораларини кўриши лозим.
Истеъмолчининг мурожаати Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида сотувчига қонуннинг юқоридаги талаблари тушунтирилди.
Мутахассисларнинг ўрганиш натижалари билан келинган қарорига ҳамда қонуннинг 16-моддасига асосан сотувчи истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаганлигидан келиб чиқиб, истеъмолчи ва сотувчи ўртасидаги олди-сотди шартномасини бекор қилишга ҳамда истеъмолчи томонидан ойма-ой тўлаб борилган 3 204 000 (уч миллион икки юз тўрт минг) сўм пулларни қайтарилишига эришилди.
Асроржон Маматқулов
Қўқон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment