Халқаро рейсда учиш қароридан қайтган йўловчига чипта пули қайтарилди
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Порлоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Х.Қўчқоровнинг авиачипта пулини қайтариш масаласидаги мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда билдирилишича, истеъмолчи 2022 йилнинг 2 январь кунида Қоратепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган авиачипталар сотиш шаҳобчасидан ўғли Д.Қосимов номига Қозоғистон Республикасига учиш учун чипта сотиб олган. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан қўшни давлатда бошланиб кетган тартибсизликлар ва Қозоғистоннинг бир қанча давлатлар билан авиақатновларни номаълум вақтга тўхтатилганидан хабар топган истеъмолчи шаҳобчага мурожаат қилиб, чипта учун тўланган пулни қайтарилишини сўрайди. Сотувчидан рад жавобини олгач, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилинишини сўраб туман истеъмолчилар уҳқуқларини ҳимоя қилиш ажмиятига мурожаат қилади.
Мурожаат “EASY BOOKING” компанияси ходими ҳамкорлигида ўрганилганда, истеъмолчи томонидан кўрсатилган важлар исботини топди. Компания вакилига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари тушунтирилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳаво кодекси” 104-моддасига асосан, йўловчи ҳаво транспортида ташиш шартномаси амал қилиб турган исталган вақтда — йўловчи учун жой банд қилиб қўйилган ҳаво кемаси парвоз қилгунича ёки парвоз қилганидан кейин йўналиш манзилларидан бирида ҳаво транспортида ташиш шартномасини бекор қилиш ва ташиш учун тўланган сумманинг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга.
Шу ўринда, истеъмолчи томонидан шартномани бекор қилинишига қонунларда белгилаб қўйилган қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиш истаги эмас, балки юзага келган форс мажор ҳолатлар оқибатида шундай қарор қабул қилишга мажбур бўлиниши ҳам асос бўлганлигини айтиб ўтиш лозим.
Ўтказилган ўрганиш натижалари билан истеъмолчининг қонуний талаблари рўёбга чиқарилишига ҳамда унга авиачипта сотиб олиш учун тўлаган 1530000 (бир миллион беш юз ўттиз минг) сўм пулини қайтарилишига эришилди.
Шавкатжон Саидов
Ёзёвон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment