Истеъмолчи Федерация кўмагида ўн тўққиз миллион сўм пулини қайтариб олди

Истеъмолчи Федерация кўмагида ўн тўққиз миллион сўм пулини қайтариб олди

Албатта, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” қонун нормалари талабларини ҳамма ҳам тўлиқ тушуниб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олади, дейишимиз қийин. Фуқарога ушбу йўналишда ҳуқуқий маслаҳат, бевосита амалий кўмак зарур бўлиши табиий ҳол. Шу жойда, Федерация ва унинг ҳудудий органлари мазкур йўналишда аҳолига беминнат хизматлар кўрсатишга доим тайёрлигини эслатиб ўтишимиз ўринлидир.

Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида ўрганилган мурожаатда ҳам ўзининг истеъмолчилик қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишида амалий ёрдам кўрсатилиши сўралган.

Истеъмолчи Д.Тожибоев ўз мурожаатида туманда фаолият юритаётган “Акобир Учқун МЧЖ” корхонасига хонадонида қурилган янги бино том қисмини ёпиш учун тунука том қопламаси маҳсулотларига буюртма берганлигини маъулм қилади. Шартномага кўра, харидор 20000000 (йигирма миллион) сўм пул маблағини корхона ҳисобига тўлаб, юқорида номи зикр этилган қонуннинг 8-моддасидаги ўз мажбуриятини, яъни шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини адо қилган. Энди гап сотувчининг мазкур модда бўйича ўз мажбуриятини, яъни муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни истеъмолчига мулк қилиб топшириш мажбуриятини адо қилишида қолган ва мазкур мажбуриятнинг муайян миқдордаги товарни етказиб бериш қисми уддаланган бўлсада, унинг мақбул сифатда чиқишида қолган эди, холос. Лекин шу ерга келганда маҳсулотнинг сифатсиз чиққанлиги икки ўртада тушунмовчиликларни келиб чиқишига сабаб бўлган. Истеъмолчининг бу борада корхона масъулларига қилган мурожаатлари ҳам натижа бермасдан келган.

Мурожаат туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида сотувчига амалдаги қонун талаблари, хусусан истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари ва ушбу ҳолатда сотувчининг мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Шартнома шартлари, шунингдек истеъмолчининг қонуний талабларини ўз муддатларида бажарилмаслиги ортидан келиб чиқувчи оқибатлар бўйича огоҳлантиришлар бериб ўтилди.

Ўрганиш якунлари билан эса сифатсиз маҳсулот корхонага қайтарилишига, қайта ҳисоб-китоб ишлари ўтказилиб, маҳсулотнинг хонадон томи учун фойдаланилган тегишли сифатдаги қисми чегирилишига ва унинг сифатсиз деб топилган аксарият қисми пули, яъни 19000000 (ўн тўққиз миллион) сўм пул маблағини истеъмолчига қайтарилишига эришилди.

Хамиджон Ахмедов
Бешариқ туман жамияти раиси

(иллюстратив фото)

Post Comment