Федерация юртдошларимизни қутлайди
Азиз юртдошлар!
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси барча истеъмолчиларни 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни билан самимий муборакбод этади.
Фуқароларимизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конститусияси, Фуқаролик кодекси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва бошқа қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан кафолатланган.
Мазкур ҳужжатлар истеъмолчиларнинг ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар, турли хизмат кўрсатувчилар билан ўзаро муносабатларини тартибга солади.
Қолаверса, жамоат бирлашмаларининг истеъмол соҳасидаги сиёсатни шакллантиришда фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Ўзбекистон Республикасини Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни демократлаштириш ва модернизасия қилишдаги роли ва аҳамиятини янги босқичга кўтарди.
Ушбу тарихий фармон асосида яратилаётган кенг имкониятлар сабаб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ҳам янги ташаббус ва ғояларни ҳаётга тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” ғоясини амалда рўёбга чиқариш, мамлакатимизда юксак истеъмол маданиятини шакллантириш, фуқароларимизнинг истеъмолчилик соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бизнинг бош мақсадимиздир.
Азиз юртдошлар!
Сизларни, 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилаймиз.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
Post Comment