Табиий газ истеъмоли бўйича қарздорликларга аниқликлар киритиб берилди

Табиий газ истеъмоли бўйича қарздорликларга аниқликлар киритиб берилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилган Фарғона туманилик И.Тўраев газ таъминоти идораси компьютер базаси маълумотлари ва хонадонидаги газ ҳисоблагич кўрсаткичлари ўртасидаги тафовут ҳамда бунинг оқибатида унга нисбатан ҳисобланаётган қарздорликнинг асослилигига аниқлик киритиб берилиши масаласида ёрдам сўраган.

Истеъмолчи ўз мурожаатида хонадондаги газ ҳисоблагич кўрсаткичи 7741 куб метр бўлгани ҳолда, газ идораси табиий газ сарфини 10000 куб метр кўрсаткич бўйича олаётганлиги, бунинг оқибатида катта миқдорда қарздорлик келиб чиқаётганлигини ҳам маълум қилган.

Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш давомида хонадондаги газ ҳисоблагич кўрсаткичлари, амалга оширилган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилиб чиқилди. Натижада хонадон эгаларидан тўлаб қўйилиши даъво қилинаётган 940 790 (тўққиз юз қирқ минг етти юз тўқсон) сўм қарздорликнинг асоссиз эканлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат бўйича туман газ идорасидан 07.07.2022 йил кунида “Асоссиз ҳисобланган қарздорлик “Ҳудудгазтаъминоти” АЖнинг 20.06.2022 йилдаги “Аҳоли истеъмолчиларига етказиб берилган табиий газ учун “Биллинггаз” дастурида маълумотларни таҳрирлаш масалаларини тартибга солиш тўғрисида”ги 144-сонли буйруғи ҳамда “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалининг 29.06.2022 йилдаги 259-сон буйруқлари асосида туман газ идораси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сонли қарори 2-иловаси 88-бандига мувофиқ ҳисобланган табиий газ ҳажмларини таҳрирлаш лозим бўлган истеъмолчилар рўйхатига олинганлиги” бўйича 4601/419-сонли жавоб хати олинди.

Худди шундай мазмундаги мурожаат И.Мирзахмедовдан ҳам келиб тушган бўлиб, унинг мурожаатини ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатда истеъмол қилинган табиий газ учун тўловлар бўйича хонадоннинг 241 550 сўм реал қарздорлиги мавжудлиги, тўлаб қўйилиши сўралган жами қарздорликнинг 439 572 сўми эса асоссиз эканлиги маълум бўлган. Асоссиз қарздорлик суммаси эса туман газ идораси томонидан, юқоридаги меъёрий ҳужжатлар асосида, таҳрирлаш лозим бўлган рўйхатга олинган.

Аброр Исақов

Фарғона туман жамияти мутахассиси

Post Comment