Истеъмолчиларга маълумотлар давлат тилида берилиши керак || Брифинг

Истеъмолчиларга маълумотлар давлат тилида берилиши керак || Брифинг

Ассалому алайкум ҳурматли брифинг иштирокчилари!

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Федерация Устави билан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини химоя қилиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлари, Ҳукуматимизнинг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарорлари билан белгилаб берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга 2022 йилнинг 18 январида 746-сон қонун билан киритилган қўшимча ва ўзгартиришларни ҳаётга жорий қилиниши аҳволини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш мақсадида, вилоят ҳудудидаги аҳолига турли хизматларни кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларда, танлама асосда, кузатув (ўрганиш) ишлари олиб борилди.

Ўрганиш ишларида асосий эътибор истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлган маълумот олиш ҳуқуқининг, хусусан қонунга охирги киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан давлат тилида маълумот олиш ҳуқуқини таъминлаб берилаётганлиги ҳолатига қаратилди.

Маълумки, қонуннинг 5-моддасига асосан, ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шарт. Бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши лозим.

Сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчиларга маълум қилиши шарт. Бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозим.

Сотувчи (ижрочи) истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатишнинг қоидалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шарт.

6-моддасига асосан эса, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.

Қонунимизга охирги киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот ҳамда товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади. Мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин. Албатта, бу ерда қўшимча равишда деган сўзга эътибор қаратиш керак. Бу маълумот давлат тилида тақдим этилиши лозимлигини ва у бошқа тилларда такрорланиши мумкинлигини билдиради.

Ўрганиш ишлари вилоятимиз туман ва шаҳарларидаги айрим корхона, ташкилот, идора ва муассасаларда танлама асосда амалга оширилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўрганишлар давомида маълумотларни давлат тилида берилишига асосий эътибор қаратилиб, ушбу жараёнда тегишли ўринларда давлат тилида берилаётган маълумотларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида берилиши юзасидан ҳам Ҳукумат топшириқларидан келиб чиқувчи тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар танлама асосда олиб борилганлигидан, унинг асосий мақсади хўжалик юритувчи субъектлар томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг жорий йил апрел ойи ўрталаридан кучга кирган давлат тилига тааллуқли нормалари ижросига қандай эътибор қаратилаётганлигини дастлабки ўрганишдан иборат бўлганлигидан келиб чиққан ҳолда, мазкур ўрганишлар натижалари бутун вилоят бўйича ҳақиқий ҳолатни ифода эта олмаслигини эътироф этиб ўтишимиз лозим. Шу ўринда, ўрганишлар билан қамраб олинган хўжалик юритувчи субъектларда кузатилган айрим камчиликларни жойида бартараф этилиши чоралари кўрилганини, айримларини тузатилиши бўйича уларнинг масъулларига тушунтиришлар олиб борилганлигини ва бу ҳолат Федерация тизими ташкилотлари томонидан ўтказиладиган кейинги ўрганишда яна қайтадан жамоатчилик назоратидан ўтказилишини маълум қиламиз.

Ҳурматли истеъмолчилар ва корхона, ташкилот, идора ва муассасаларнинг масъуллари!

Фурсатдан фойдаланиб сизларнинг эътиборингизни қуйидагиларга қаратиб ўтмоқчимиз:

2020 йил 20 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6084-сонли Фармони қабул қилинган бўлиб, унинг 1-иловаси билан “2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси” тасдиқланган. Концепцияда давлат тилимизни узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланиб, бир қатор мақсадли вазифаларга эришиш кўзда тутилган. Хусусан, ўзбек тилининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида обрў-эътиборини ошириш, жамиятда давлат тилига ҳурмат-эътибор ва меҳр-муҳаббат муҳитини шакллантириш, республикамиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тилининг тўлиқ жорий этилишини таъминлаш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва бошқалар шулар жумласидандир.

Юқорида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга ҳам давлат тили бўйича нормалар киритилганлигини айтиб ўтдик.

Мазкур қонуннинг 7-моддасига кўра, агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги сотиб олинган товар (иш, хизмат)дан кўзланган мақсадда фойдалана олмасликка сабаб бўлса, истеъмолчи тегишли маълумот оқилона қисқа (кўпи билан уч кунлик) муддатда берилишини талаб қилишга ҳақлидир. Агар маълумот айтилган муддатда берилмаса, истеъмолчи шартномани бекор қилиб, зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.

Демак, биз истеъмолчилар қонун билан белгилаб берилган ҳуқуқларимиздан ўз ўрнида ва тўғри фойдалана олишимиз, сотувчи, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқарувчилар эса худди шу қонун билан белгилаб берилган мажбуриятлари тўлақонли бажарилишини таъминлаб беришлари лозим.

Унутманг!

Қонуннинг 23-моддасига кўра, давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда истеъмолчи қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эга.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

Youtube каналимизда кўринг:

Ғайрат Маматкулов

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати раҳбари

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin