Уруғликдан униб чиққан кўчатлар “бепушт” чиқди

Уруғликдан униб чиққан кўчатлар “бепушт” чиқди

Олтиариқ тумани Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи А.Отажонов уруғчилик савдо дўконидан сотиб олган карам уруғидан ундирилган кўчатларнинг ҳосил бермаганлиги сабабидан уруғликка тўланган пул маблағини қайтариб олинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Мурожатчига кўра, у туман Деҳқон бозори ҳудудида жойлашган уруғчилик савдо дўконидан Фреско Ф1 навли карам уруғининг 80 қутисини умумий ҳисобда 20 млн 850 минг сўмга сотиб олган. Жорий йилнинг март ойи бошларида уруғлар ундирилиб, кўчатбоп бўлгач, деҳқонлар томонидан агротехник ҳаракатлар амалга оширилиб, дала майдонига кўчириб ўтказилган ҳамда суғориш ва минерал ўғитлар бериш тадбирлари ўз вақтида ўтказиб борилган. Одатда бу каби тадбирлар ўз вақтида ва тўғри кетма-кетликда ўтказиб борилиши қандайдир миқдорда бўлсада ҳосилдорликни таъминлаб берсада, негадир ушбу ҳолатда карам кўчатлари ҳосилга кирмасдан қолаверган. Бунинг ортидан келиб чиққан тушунмовчиликлар натижасида А.Отажонов сотувчига мурожаат қилиб, уруғликнинг сифатсиз чиққанлиги юзасидан ўз эътирозларини билдирган, лекин масала ижобий ҳал этилмаган.

Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари фуқаро мурожати асосида сотувчи билан учрашиб, амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бордилар. Ўрганиш ишлари якунлари билан эса фуқарога карам уруғи учун тўлаган пулини тўлиқ қайтариб олиб берилишига эришилди.

Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

(иллюстратив фото)

Post Comment