Адашиб марҳумнинг банк картасига келиб тушган пул маблағи нотариус орқали мерос сифатида олинадими?

Адашиб марҳумнинг банк картасига келиб тушган пул маблағи нотариус орқали мерос сифатида олинадими?

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона шаҳрида яшовчи С.А. нинг мобил илова орқали унга келиб тушиши керак бўлган сумманинг бошқа шахснинг банк картасига келиб тушганлиги, маблағни ўз банк картасига қайтаришида муаммолар келиб чиқаётганлиги борасидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи ўз мурожаатида Россия Федерациясида ишлаётган яқин таниши М.М. дан 2 млн 491 минг сўм миқдоридаги пул маблағи, мобил илова орқали, банк пластик картасига ўтказиб берилиши жараёнида тушунмовчилик юзага келганлигини, сабаби ўзи бундан бехабар бўлгани ҳолда унинг телефон рақамига марҳум отасининг ҳам банк картаси бириктирилганлиги, оқибатда пул 2017 йили оламдан ўтган падари бузруквори номидаги банк картасига келиб тушганлиги, пул келиб тушган картанинг эса унинг қўлида эмаслиги, қаердалигини ҳам билмаслигини, энди ушбу пул маблағини ўзининг банк картасига қайтаришда муаммо бўлаётганлигини баён қилади. Истеъмолчи пул маблағи бошқа картага тушганлигини таниши унга пул ўтганлигини айтганидан сўнг банкоматдан нақдлаштирмоқчи бўлганида билган. Янаям аниқроғи банкомат карта балансида бу миқдордаги маблағ йўқлигини кўрсатгач, тижорат банкига мурожаат қилиб, СМС хабарнома келгани ҳолда картада пул маблағи йўқлигини айтганидан сўнг, банк ходими унга картага ҳақиқатда пул келиб тушмагани, СМС хабарнома эса унинг телефон рақамига бошқа карта ҳам бириктирилганлиги сабабидан келганлигини тушунтиргандан сўнг маълум бўлган.

Бунданам қизиқ ишлар кейин бошланади. У отанинг ҳисоб рақамидаги пулни ўз ҳисоб рақамига ўтказиб беришларини ёки танишига қайтариб юборилишини сўраганида банкдагилар унга пул марҳумнинг ҳисоб рақамидагилигидан келиб чиқиб, масала нотариус орқали ҳал бўлишини, шундан сўнгина пулни бошқа рақамга кўчирилишини айтадилар. Ушбу ҳолатда нима қилишни билмай боши қотган истеъмолчи масалани ечимини топилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Марғилон шаҳар жамиятига мурожаат қилади.

Мурожаатни тижорат банки масъуллари иштирокида ўрганиш жараёнида амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, агар “марҳумнинг ҳисобидаги пул маблағи унинг вафотига қадар тушган бўлсагина масалага нотариал идоралар аралашиши ва маблағ мерос сифатида олиниши мумкин”лиги асос қилиб олиниб, С.А.нинг танишидан келиб тушган пул маблағини унинг ўз банк пластик картасига ўтказиб бериш талаби қўйилди. Натижада тижорат банки масъуллари ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирганларидан сўнг, пул маблағи С.А.нинг банк пластик картасига ўтказиб берилди.

Ушбу фурсатдан фойдаланган ҳолда, истеъмолчилардан турли мобил иловалар билан ишлашда, шунингдек ўз шахсий маълумотларини интернет тармоғидаги турли иловаларга киритишда, банк пластик карточкангизга оид маълумотларни тарқатишда эҳтиёткор ва ҳушёр бўлишни сўраб қоламиз.

Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin