Сифатсиз бўёқ можароси
Бағдод тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган Чуваланчи қишлоғида яшовчи Д. Мирзаахмедов қишлоқ марказида жойлашган қурилиш моллари савдо дўконидан сотиб олган бўёқдан фойдаланиш жараёнида маҳсулотнинг сифати талабга жавоб бермаганлиги, ушбу ҳолат юзасидан сотувчига мурожаат қилиб, алмаштириб берилиши талабини қўйган бўлсада, сотувчи томонидан алмаштириш пайсалга солиб келинаётганлиги, бу эса уйда таъмирлаш ишлари олиб бораётган усталарнинг ҳам ишлари тўхтаб қолишига олиб келганлигидан шикоятини билдирди.
Мазкур мурожаат бўйича туман жамияти мутахассиси, дўкон мудири ҳамда мурожаатчи иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилганда, истеъмолчининг эътирози ўринли эканлиги маълум бўлди. Жамият ходимлари сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 14-моддаси, яъни истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шартлиги юзасидан тушунтиришлар бердилар. Сотувчи истеъмолчига нуқсонли товар учун тўланган пулни қайтариш таклифини киритди. Истеъмолчига 280 000 (икки юз саксон минг) сўм пул қайтарилиб, можарога барҳам берилди.
Сотувчига, қўшимча равишда, келгусида харидорлар олдида мулзам бўлиб қолмаслиги учун, сотиш учун олиб келинаётган товарларни сифатига жиддий эътибор қаратиш, харидорлар билан муомала қилишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги каби ҳолатлар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Марғуба ОЛТИБОЕВА
Бағдод туман ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот
бўйича бош мутахассиси
Post Comment