Ёрлиқсиз консерва, сифатсиз соч бўёқ харидорга жабр бўлди

Ёрлиқсиз консерва, сифатсиз соч бўёқ харидорга жабр бўлди

– Яқинда шаҳардаги савдо дўконларининг биридан сабзавотли салат харид қилиб олдик, – деди ҳамкасбларимдан бири суҳбатимиз чоғи – Ҳамроҳларим билан уни тановул қилгач эскириб қолганини дарров сездик. Уни қайтариб дўконга олиб бормоқчи бўлдик. Лекин ҳамроҳларим бу вазиятни оддий ҳолатга йўйишди. Арзимаган нархдаги егуликни қайтариб олиб бориш, сотувчини уялтириш бизга ярашмайди, деб фикрларидан қайтишди. Аммо сабзавотли салатдан кўпроқ истеъмол қилган дўстларимиздан бири ичак касали билан оғриб шифохонага тушди. Арзимас деб баҳолаганимиз бизга катта ташвиш туғдирди. Истеъмолчи сифатида ҳуқуқ ва маданиятимизни билиб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмас экан…

Бежизга бу воқеа билан сўз бошламадик.

–Кунлар исий бошлаганда озиқ-овқат маҳсулотлари, ярим тайёр маҳсулотлар, айниқса сабзавотлардан тайёрланган салатларнинг сифати тез ўзгаради. Бозорларимизда бир кун аввал ёки кундузи тайёрланган маҳсулотларни айнан рамазон кунларида ифторликка яқин сотилиши  санитария-гигиена ҳолатига ҳам, муқаддас динимиз одобларига ҳам тўғри келмайди, – дейди суҳбатдошим врач-эпидемиолог. – Шу боис ҳар бир таом сотувга олиб чиқилишидан бир-икки соат аввал гигиеник талабларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда тайёрланиши керак.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Бугун истеъмолчи хоҳ кийим-кечак, хоҳ рўзғор буюмлари, хоҳ техник буюмлар бўлсин – шундай муаммога дуч келса қаерга мурожаат қилиши керак? Бу борада аксарият фуқароларнинг боши қотади. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиш борасида ўтказилаётган тадбирлар, тарғибот ишлари, давра суҳбатлари халқимиз истеъмол маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшаётгани қувонарли албатта. Лекин муаммо шу билан ҳал бўлиб қолмайди.

Яқинда Фарғонадаги буюм бозоридан соч бўёқ сотиб олган танишим аллергик тошма тошиб азият чекканини айтиб қолди. Қадоқланган маҳсулотни қайтариб олиб борса, сотувчи ўзини оқлашга уринибди. Узоқ тортишувдан наф чиқмаган харидор танишим тарвузи қўлтиғидан тушиб ортга қайтибди. Айни шу каби ҳолатларда сотувчининг ҳам, истеъмолчининг ҳам ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан бехабар эканлиги уларни катта муаммоларга рўбарў қилаяпти.

Супермаркетларимизда охирги вақтларда кўп харид қилинаётган маҳсулотлардан бири соуслар бўлиб қолди. Шу билан боғлиқ муаммони ҳам арзимас, деб бўлмайди. Соусларнинг аксариятида амал қилиш муддати аллақачон тугаган бўлса-да, уни пештахтадан олиб қўйиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмайди. Баъзиларининг ёзувини, ёрлиғини ўқиш қийин. Айрим консерваланган нўхотлардаги қайд ёзувини сотувчи ҳам топа олмаслигига нима дейсиз? Бу ҳақида ҳаминқадар хушмуомала сотувчидан сўрашга ботина олмайсиз ҳар доим ҳам. Кийим-кечак харидида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар борлиги рост.

Бугун маиший рўзғор буюмлари, техник жиҳозларга талаб ва эҳтиёж катта. Хусусан, дазмол, чангюткич, кондиционер, микротўлқинли печ, кир ювиш машинаси, телевизорларни, айниқса, кўп сотиб оляпмиз. Мавриди келганда айтиш керак, уларни сотиб олаётганда истеъмол маданиятини унутиб қўямиз. Сотувчидан чек талаб қилиш ҳаёлимизга келмайди. Унинг сертификатини сўрашни эса қўйиб туринг. Ўз-ўзидан бир қанча муаммолар олдида қоламиз. Аниқроғи истеъмолчи икки муаммо қаршисида тўхтайди. Биринчидан, харид қилинаётган маҳсулот сифати. Иккинчиси унинг саломатликка таъсири. Бундан ташқари ўз хонадонида ундан тўғри фойдаланишни билмасдан хуноб бўлади. Шу боис ҳам истеъмолчи сифатида ўз ҳақ-ҳуқуқини билиб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Ишонинг, ҳуқуқини билган ютқазмайди.

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ,

ЎИҲҲҚЖФ Фарғона шаҳар жамияти

матбуот ва ахборот мутахассиси

(юқорида иллюстратив расм)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin