Ишлаб чиқарувчи ёрилиб кетган шиферларни алмаштириб берди
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Тошкент вилояти Пискент туманида истиқомат қилувчи фуқаро З.О.нинг харид қилинган шифер маҳсулотидан айримлари сифатсиз чиққанлиги юзасидан Бош прокуратура ишонч телефонига қилган мурожаати ҳудудий тегишлилиги бўйича ўрганилди.
Фуқаро мурожаатида 9 ой олдин 200 дона шифер харид қилганлигини, кейинчалик шиферлар томга ўрнатилгач, орадан маълум вақт ўтиб улардан айримлари ёрилиб кетганлигини маълум қилади ҳамда ушбу ҳолат ўрганиб чиқилишини ва сифатсиз чиққан шиферларни алмаштириб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида Қувасой шаҳар жамияти томонидан “Қувасойшифер хризотил” МЧЖга сўров хати киритилди. Ўрганиш ишлари давомида корхонадан олинган жавоб хатида ҳолат жойига чиқиш йўли билан ўрганилганлиги, фуқаронинг мурожаатида кўрсатилган важлар асосли бўлсада, унинг томонидан шифер маҳсулотларини томга ўрнатишда ишлар бу борадаги нормалар талаблари асосида бажарилмагани, хусусан коррозияга қарши пўлатдан ясалган махсус шифер михидан ёки саморез ёрдамида фойдаланилмагани (ГОСТ 30340, 10.3-банди), шифер листларини михлаш учун махсус ускуна (дрель) билан тешилмагани, бу билан эса тешиклар мих ўлчамидан 2-3 мм га ортиқ бўлиши талаблари бажарилмагани каби ҳолатларга ҳам эътибор қаратиб ўтилган. Шунинг билан биргаликда истеъмолчининг ўрганишга маҳсулотларни мазкур корхонадан сотиб олганлигини тасдиқловчи ҳужжат (касса ёки товар чеки)ни ҳам тақдим қилмаганлиги таъкидланган. Лекин шундай бўлсада, корхона ушбу ҳолатларга қарамасдан харид қилинган шиферлардан ёрилиб кетган 60 донасини алмаштириб беришга қарор қилганлиги ҳам маълум қилинган.
Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилиб, унга нуқсонли чиққан шиферлар алмаштириб берилишига эришилган, истеъмолчининг 2 млн 400 минг сўм моддий зарар кўришини олди олинган бўлсада, истеъмолчилармизга харид қилинган товар (иш, хизмат)лардан фойдаланиш жараёнида уларга ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан илова қилинган техник йўриқномалар талабларини ҳам эътибордан четда қолдирмасликларини сўраб қолган бўлар эдик. Ушбу йўриқномалар талабларига амал қилиш эса истеъмолчи томонидан товардан фойдаланиш жараёнида юзага келиши мумкин турли нуқсонларга ўзлари сабабчи бўлиб қолиши, бундай ҳолда эса улар қонунларда белгиланган ҳуқуқларидан тўлақонли фойдалана олмай қолишларига ҳам сабаб бўлиб қолиши мумкинлигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Фарход Хайдаров
Қувасой шаҳар жамияти раиси
Post Comment