Истеъмолчининг қонуний талабини сотувчи томонидан бажарилиши таъминланди
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги” қонуннинг 14-моддасида нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби, 15-моддасида эса товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартиби белгиланган. Истеъмолчи ушбу моддаларда белгиланган тартибларнинг моҳиятини тўғри англаб олса, кундалик ҳаётда қуйида келтирилаётган шу каби муаммога дуч келганида асқотиб қолиши турган гап, албатта.
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Ёзёвон тумани Қумариқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи С. Қ.нинг қилган мурожаати айнан кафолат муддатида аниқланган нуқсонни бепул бартараф этиб берилишини ёки бўлмаса товарни алмаштирилиши юзасидан сотувчига қўйган талабининг бажарилмаганлиги хусусидадир.
Маълум бўлишича, истеъмолчи жорий йилнинг 3 апрел куни Тошлоқ туманида жойлашган “Garant” кредит савдо дўконидан, кафолати муддати уч йил қилиб белгиланган, “ART ND-341” русумли музлаткични, товар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан, 4 млн 720 минг сўмга харид қилади. Бироқ музлатгич хонадонга келтирилгач унинг асосий эшиги яхши (зич) ёпилмаслиги, бу эса унинг тўлақонли ишлашига тўсқинлик қилиши маълум бўлади. Истеъмолчи ҳолат бўйича дўкон маъмурияти билан боғланиб, янги харид қилинган музлатгичда кафолат муддатида юзага келган носозликни бартараф қилиб беришларини ёки бошқасига алмаштириб беришларини талаб қилади. Бундан натижа чиқара олмагач нуқсонли товарни дўконга олиб ҳам келади, шунда ҳам натижа чиқара олмагач, қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқаришида амалий ёрдам кўсратишларини сўраб туман жамиятимизга мурожаат қилади.
Ёзма мурожаат туман жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши давомида дўкон масъуллари билан олиб борилган тушунтириш ишлари якунлари билан истеъмолчининг қонуний талабини бажарилишига ҳамда аниқланган нуқсонни дўкон томонидан бепул бартараф этиб берилишига эришилди.
Шоҳистахон Рахимова,
Тошлоқ туман жамияти мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment