Ҳудудий бирлашма ташаббуси билан брифинг ҳамда яна бир долзарб мавзуда семинар ўтказилди

Ҳудудий бирлашма ташаббуси билан брифинг ҳамда яна бир долзарб мавзуда семинар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да ННТлар вакиллари, Федерация тизимида меҳнат фаолияти олиб борётган ходимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари жамиятлари федерациясининг Фарғона вилоятидаги ҳудудий тузилмаларини адлия бошқармасида ҳисоб рўйхатидан давлат рўйхатига ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар” мавзусида брифинг ташкилланди.

Тадбирда вилоят Адлия бошқармаси, Рақобат бошқармаси, ННТлар ассоциацияси вилоят бўлинмаси раҳбар ва масъул ходимлари ҳам кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати 1996 йил йил 26 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 30 – моддасига мувофиқ, 1997 йилда Ўзбекистон аҳолисини сифатсиз маҳсулот ва хизматлардан ҳимоя қилишга ўз улушини қўшиш ва ўз имкониятларини бирлаштиришга қарор қилган бир қатор ҳамфикрлар ташаббуси билан, пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракати Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти шаклида ташкил топди ва 1999 йили Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти сифатида рўйхатдан ўтди. Бу вақтда республикамизнинг 7 та вилоятида ҳудудий жамиятлар ташкил топди. 2000 йил Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг навбатдан ташқари II съездида жамиятга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси номи берилди. Бу вақтда 9 та вилоят ва Тошкент шаҳрида жамиятлар ташкил этилган эди.

Фаол истеъмолчиларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ушбу жамоат ташкилотига давлат тарафидан алоҳида эътибор берилиб, қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2002 йил 28 ноябрда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарорининг қабул қилиниши мазкур ижтимоий ҳаракат тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Шу билан бирга, мазкур қарор билан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг ташкилий тузилмаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси маъқулланди. 2003 йил 17 январдаги федерациянинг III таъсис конференцияси Қорақалпоғистон Республикаси Федерацияси, Тошкент шаҳри ҳамда республиканинг 12 та вилоятидаги ҳудудий бирлашмаларни бирлаштирди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Федерация ва унинг ҳудудий ташкилотлари 2023 йилга қадар ягона Устав асосида фаолият кўрсатиб келди. Бу эса Федерациянинг Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан, вилоят ҳудудий бирлашмалари ва туман (шаҳар) жамиятларини эса адлия боқшармаларидан ҳисоб рўйхатидан ўтиб фаолият кўрсатиб келганлигини англатади. Кейинги йилларда мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан юртимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг эмин-эркин фаолият кўрсатишлари учун тегишли шароитларни яратиб бериш ҳамда бу борадаги қонунчилик базасини мустаҳкамалаш борасидаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари ортидан бу борада бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.
Шундай ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.03.2021 йилдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сон қароридир. Ушбу қарорнинг 1-банди тўртинчи хатбошиси билан нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланиши, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилиниши белгилаб қўйилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Федерация Кенгашининг 2023 йил 20 январдаги 1/23-сонли Мажлисида Федерациянинг барча ҳудудий ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан давлат рўйхатига ўтказиш бўйича ишларни ташкиллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Федерациянинг 14 та маъмурий-ҳудудий бирликдаги ҳудудий бирлашмалари қатори Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси тизимида ҳам Федерация Кенгаши қарори асосида ҳудудий бирлашмани ҳамда тизимдаги 19 та туман ва шаҳар жамиятларини давлат рўйхатига ўтказиш учун, Федерация Устави асосида ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларининг низомларини ишлаб чиқилди. Шу ва бошқа талаб қилинадиган ҳужжатлар жамламаси вилоят адлия бошқармаси тақдим қилингач, 2023 йилнинг май ойи ҳолатига тўлиғича давлат рўйхатидан ўтиш ишлари якунланди ҳамда адлия бошқармасидан давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳномалар олинди.
Ташкилотларимизни давлат рўйхатидан ўтганлиги эса бугунги кунда уларга давлат грантларини, ижтимоий буюртма ва субсидияларини олиш имкониятларини яратиб берди.

Брифингдан сўнг, тадбир доирасида иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-411-сонли қарори мазмун-моҳияти юзасидан семинар ўтказилди. Семинар ишида Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари маъруза билан иштирок этдилар.


Маърузачи томонидан таъкидландики, мазкур қарорнинг 5-банлига кўра, дори воситаларининг чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида 2023 йил 1 майдан бошлаб:

– жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади;

– матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш натижасида дори воситаларининг чакана нархларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилганлиги аниқланган тақдирда, тегишли чора кўриш учун бу ҳақида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органига автоматик равишда хабар юборилади;

– харид чеки бўйича нарх дори воситасининг чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан белгиланган тартибда жарима ундирилади.

Бунда, харид чекида сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тўлиқ миқдорда кўрсатилмаслиги савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида эътироф этилади.

Семинарда сўз олганлар мазкур қарор ижросини таъминлаш ва соҳада жамоатчилик назоратини янада ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, ушбу жараёнда ННТларнинг тутган ўрни ва роли, қарор ижросини таъминлаш ишида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалаларида ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашдилар. Тадбир якунларига кўра эса, вилоятдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида бу борада яқиндан ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Суратларни ЎзА фотомухбири Муқимжон Қодиров олган

Post Comment