Истеъмолчи катта миқдорда зарар кўришининг олди олинди
Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Янгиқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи У.Т.нинг харид қилинган шифер маҳсулотини сифатсиз чиққанлиги юзасидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатчи жорий йилнинг май ойида туманнинг “Чимбой” қишлоғида жойлашган хўжалик моллари дўконидан 150 дона шифер маҳсулотини ҳар бир донасини 37000 сўмдан, жами 5 млн 550 минг сўмга харид қилганлиги, шиферларни томга ёпиш жараёнидаёқ уларнинг 44 донаси ёрилиб кетганлиги, шундан сўнг усталар қолган 106 дона шиферни томга ёпиш ишларини тўхтатганликларини, истеъмолчи ушбу масаладаги шикояти билан сотувчига, шунингдек ишлаб чиқарувчи корхона вакилларига мурожаат қилганлигини, лекин қонуний талаблари бажарилмай келаётганлигини маълум қилади.
Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчи томонидан кўрсатилган важларнинг тўғрилиги, у қурилиш маҳсулотини ҳақиқатан ҳам юқоридаги савдо дўконидан харид қилганлиги, уни томга ёпиш жараёнида нуқсонлар кузатилганлиги ўз исботини топди. Туман жамияти ходимлари сотувчига қонуннинг мазкур ҳолатдаги талаблари, унинг юзага келган ҳолатдаги мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар бердилар. Ўрганиш якунига кўра эса, томга ёпилиш жараёнида дарз кетган 44 дона ҳамда фойдаланилмасдан қолдирилган 106 дона, жами 150 дона шиферларни бошқа мақбул сифатдаги шиферлар билан алмаштириб берилишига эришилди.
Адхамжон Хамидов
Қува туман жамияти раиси
Post Comment