Сервис компанияси мижозга ён беришни маъқул кўрди

Сервис компанияси мижозга ён беришни маъқул кўрди

Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Б.А.нинг ўзи томонидан харид қилинган янги газ плитаси бузилиб қолгач, унга сервис хизмати кўрсатишда юзага келган муаммолар масаласидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг сўзларига кўра, у газ плитасини ҳудудларидаги “Шодлик кредит савдо” дўконидан ўтган йилнинг июн ойларида товарнинг 4 млн 17 минг 100 сўм бўлган қийматини 12 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган. “Артел” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган мазкур газ плитасидан муайян вақт фойдаланиб келган. Кейинчалик плитанинг духовка қисмида носозлик кузатила бошлаган, яъни духовкага ёқилган газ ўз-ўзидан ўчиб қола бошлаган. Шундан сўнг ушбу масалада компаниянинг сервис марказига мурожаат қилган. Лекин сервис марказидан хонадонга келган уста эса керакли эҳтиёт қисмлари йўқлигини, устига-устак хизмат пулли бўлишини айтиб кетади.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида туман жамияти мутахассислари томонидан ушбу масалада сервис компаниясига сўров киритилди. Компаниядан келган жавобда истеъмолчи жорий йилнинг 10 май кунида мижозлар билан ишлаш учун ажратилган телефон рақамига мурожат қолдирганлиги, марказ ходимлари хонадонда плитани кўздан кечирганда маҳсулотда камчиликлар келиб чиқишига газ плитани ажратувчиси (рассекатели) эриб кетгани, шунингдек плита суюлтирилган углеводород гази (пропан)да ишлатишга эмас, балки унинг мосламаси табиий газ (метан)да ишлатишга мослаштирилганлиги, кафолат китобида стандартлардан четга чиқишлар, шунингдек электр тармоғи кучланишидаги тафовутлар ва кескин ўзгаришлар ва ҳакозо ва ҳакозолар оибатида келиб чиқадиган оқибатлар эса истеъмолчи томонидан пулли асосларда бартараф қилинишига сабаб бўлиши баён қилинади. Шундай бўлсада, компания ўз брендига мижозлар ҳурматини ошириш мақсадида, истеъмолчи Б.А. билан юзага келган ҳолатни бепул асосларда бартараф этиб беришга қарор қилингани ҳам қўшимча қилинади.

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади. Истеъмолчига у товарни харид қилаётганда, ҳеч бўлмаганда, плитани пропанда эмас, метан ёқилғисида ишлатиш шартлиги тушунтирилганмиди? Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида “Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади”, деган норма мавжудлигидан сотувчининг, шунингдек ишлаб чиқарувчи вакилининг хабари бормикан? Истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда ёки унинг нуқсонлари кафолат муддати ичида юзага келганда истеъмолчининг бир қатор ҳуқуқлари мавжудлигиданчи? Хуллас, саволлар етарли даражада. Келинг, шу ерда ушбу масалага жуда чуқур кирмаган ҳолда, юзага келган вазиятда истеъмолчининг муаммоси ҳал қилинганлигию, унинг қонуний талаблари бажарилишига эришилганлиги фактида тўхталиб турайлик.

Исомиддин Аббасов,
Ўзбекистон туман жамияти мутахассиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment