Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш якунлари бўйича Федерация ходимларига миннатдорчилик билдирди

Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш якунлари бўйича Федерация ходимларига миннатдорчилик билдирди

Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Тўда” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Б.Н.нинг харид қилинган товарнинг нуқсонли чиққанлиги юзасидан мурожаати ўрганилди.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, у жорий йилнинг июн ойида туман ҳудудида фаолият олиб бораётган “Dunyo” кредит савдо дўконидан “М040 25” русумли уч ғилдиракли велосипедни товар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилади. Велосипеднинг умумий қиймати 1 746 000 сўм бўлгани ҳолда у товарнинг 1 085 000 сўм қисмини олдиндан тўлаб ҳам қўяди. Истеъмолчи ишлаб чиқарувчи корхона томонидан транспортировка қилинган, йиғилмаган ҳолдаги велосипедни олиб кетиб, уни фойдаланишга тайёр ҳолга келтириш учун устага олиб борганида велосипедни орқа ҳаракатлантирувчи ўқлари бир-бирига қарама-қарши ҳолдалиги ва бошқарув рули тагида синган жойи ҳамда ўтирғичида нуқсонлар мавжудлиги аниқланади. Шу пайтнинг ўзида дўконга мурожаат қилиб ҳолатни тушунтирганида сотувчи томони масалани ҳал қилиб, унинг қонуний талабларини бажарилишини пайсалга солади. Истеъмолчи мазкур масалани қонуний ҳал қилинишида амалий ёрдам сўраб туман жамиятига мурожаат қилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда унинг асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”га кўра, сотувчи олди-сотди жараёнида истеъмолчига мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбуриятига эга. Агар ушбу жараёнда истеъмолчига нуқсонли товар сотилганлиги аниқланса, сотувчи истеъмолчи томонидан қонунда кўзда тутилган ҳуқуқларидан келиб чиқиб билдирган талабини белгиланган муддатларда бажариш чораларини кўриши шарт. Истеъмолчининг қонуний талабларини бажармаслик, белгиланган муддатларда ижросини таъминламаслик каби ҳолатлар сотувчига нисбатан молиявий санкциялар қўлланилишига сабаб бўлади.

Ўрганиш ишлари доирасида соутвчига қонуннинг ва бу борадаги қоидаларнинг талаблари тушунтирилди. Ўрганиш ишлари якунлари билан эса шартнома бекор қилинишига ва олдиндан тўлов сифатида тўланган пул маблагини истеъмолчига қайтарилишига эришилди.

Мени ушбу масалада қилган мурожаатим туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал қилинганлиги учун Федерация ҳамда туман жамиятига келгуси ишларида омадлар тилаган ҳолда ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди истеъмолчи мурожаатини ўрганиш натижалари бўйича туман жамияти раҳбари номига берган миннатдорчилик хатида.

Хусниддин Латипов,
туман жамияти бош мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin