Ваъда қилинган истеъмол хусусиятларига эга бўлмаган товар сотувчига қайтарилди

Ваъда қилинган истеъмол хусусиятларига эга бўлмаган товар сотувчига қайтарилди

Марғилон шаҳар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қиргули маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А. Й. нинг сотувчи томонидан сотувчи томонидан паст кучланишда ҳам ишлаши ваъда қилиниб сотилган автомат кир ювиш машинасининг хонадонга келтириб фойдаланиш жараёнида яхши ишламаганлиги сабабли товарни сотувчига қайтариш борасидаги муаммолар юзасидан мурожаати ўрганилди.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, у шаҳардаги “Ипакчи буюм бозори” ҳудудида савдо фаолияти олиб бораётган маиший техникалар билан савдо қилувчи дўкон сотувчиси Б.дан LG русумли автомат кир ювиш машинасини 7 600 000 сўмга харид қилади. Истеъмолчига, айниқса, сотувчи томонидан айтилган. кир ювиш машинасининг электр токининг паст кучланишида ҳам ишлаши ва бошқа бир қатор истеъмол хусусиятлари маъқул келган. Лекин хонадонга келтирилиб, фойдаланиш жараёнида маиший техника паст кучланишдаги электр токида яхши ишламаган. Сотувчига бу ҳақда эътирозларини билдириб, товарни қайтариб олинишини сўраганида эса товар қайтариб олинмаслиги, агар қайтарилган тақдирда ҳам 1 млн сўм ушлаб қолиниши ёки бўлмаса сервис компанияси билан муаммони ҳал қилиши маълум қилинган.

Сотувчининг олди-сотди жараёнида ўзи реализация қилаётган товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот бериши ортидан зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади. Бу ҳолат амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида кўрсатиб ўтилган. Демак, юқоридаги ҳолатда агар сотувчи кир ювиш машинасини паст кучланишда ҳам ишлашини айтиб сотган бўлса ва товар ваъда қилинган истеъмол хоссаларига эга бўлмаса, қонун талабига кўра истеъмолчи бундай товарни сотувчига қайтариб, пулини қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шаҳар жамияти ходимлари мурожаатни ўрганиш доирасида сотувчи билан учрашиб, унга қонуннинг юқоридаги талабларини тушунтирганларидан сўнг, маиший техника сотувчи томонидан қайтариб олиниб, кир ювиш машинаси учун тўланган пул истеъмолчига тўлиқ ҳажмда қайтарилишига эришилди.

Икромжон Абдурахимов,
шаҳар жамияти раиси вазифасини бажарувчи.

(иллюстратив фото)

Post Comment