Истеъмолчининг 476 минг сўм пули ёнига қоладиган бўлди
Амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) томонидан кафолат муддати белгиланиши лозим. Албатта, узоқ муддатли товарга кафолат муддати белгиланмаганлиги истеъмолчининг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқариши йўлида жиддий тўсиқ бўла олмасада, олди-сотди жараёнида сотилаётган товарга “фалон йил кафолат муддати мавжуд” дейилиши унинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши табиий.
Товарга кафолат муддати белгиланар экан, ишлаб чиқарувчи ёки ушбу товарларни реализация қилаётган сотувчи қонун билан ўзига белгилаб берилган мажбуриятлари мавжудлигини ҳам унутмаслиги лозим бўлади. Ваҳоланки, товарда кафолат муддати ичида аниқланган нуқсон истеъмолчига бир қатор ҳатти-ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини яратиб беради. Истеъмолчининг шундай ҳаракатларидан бири товарда аниқланган нуқсонларни бепул бартараф эттириш ҳуқуқидир.
Шундай ҳолатлардан бирини Фарғона тумани “Гулпиён” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.М.нинг Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаати мисолида кўриб чиқайлик.
Истеъмолчига кўра, у жорий йилнинг 1 август кунида Фарғона шаҳридаги “Гарант” савдо дўконидан қиймати 2 424 000 сўмлик “WP-76” русумли мотопомпани 1 йил муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган. Бироқ мотопомпадан бир ҳафта фойдаланмасидан унинг шатун қисмида ёриқ пайдо бўлганлигини пайқагач, сотувчига бу ҳақда мурожаат қилган. Сотувчи унга ушбу ҳолатда шаҳарнинг Қиргули мавзесидаги сервис устахонасига мурожаат қилиши лозимлигини тушунтирган. Лекин нуқсон кафолат муддати ичида аниқланганлигига қарамасдан, устахонадагилар ундан таъмирлаш ишлари учун 476 000 сўм пул сўрашган. Бундан ажабланган истеъмолчи шаҳар жамиятига мурожаат қилиб, мазкур масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаат қабул қилиниб, тегишли равишда расмийлаштирилгандан сўнг, шаҳар жамияти номидан сервис устахонасига амалдаги қонунчилик талаблари акс этган алоқа хати киритилди, шунингдек устахона масъул ходимига бу борадаги тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. Бундан тўғри хулоса чиқарган сервис хизмати масъуллари истеъмолчи билан боғланиб, у томонидан харид қилинган товарда аниқланган нуқсонни бепул бартараф этиб бердилар. Мурожаатини ўрганиш натижаларидан кўнгли тўлган истеъмолчи эса миннатдорчилик хати ёзиб, электрон шаклда шаҳар жамияти манзилига юборди.
Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment