Истеъмолчининг нуқсонли товарни алмаштириш борасидаги мурожаати қаноатлантирилди

Истеъмолчининг нуқсонли товарни алмаштириш борасидаги мурожаати қаноатлантирилди

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Асқарова кўчасида яшовчи С.У.нинг харид қилинган ноутбук нуқсонли чиққач, уни алмаштириш бўйича талабининг сотувчи томонидан қаноатлантирилмаётганлиги борасидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг сўзларига кўра, у шаҳарнинг Деҳқон бозори ҳудудидаги компьютер ва аксессуарлар дўконидан 4 800 000 сўмга HP русумидаги ноутбукни 1 йиллик кафолат муддати билан харид қилган. Лекин ундан 2-3 кун давомида фойдаланиши жараёнида қурилманинг совутиш қисмида нуқсон мавжудлигини аниқлаган. Сотувчига бу борадаги эътирозини билдириб, уни бошқасига алмаштириш бўйича қўйган талаби эса қаноатлантирилмаган.

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, истеъмолчи харид қилинган товарда кафолат муддатида нуқсонларни аниқлаган тақдирда мазкур товарни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб олиш талабини қўйишга ҳақли. Унинг нуқсонли товарни алмаштириш борасидаги талаби етти кунлик муддат ичида, товар сифатини қўшимча равишда текшириш зарурати бўлган тақдирда эса йигирма кунлик муддат ичида қаноатлантирилиши шарт. Ушбу муддатларга амал қилинмаслиги ва ўтказиб юборилиши эса сотувчи зиммасига нуқсонли товарни алмаштириб бериш билан биргаликда, ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун неустойка (пеня) тўлаш мажбуриятини ҳам юклайди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчига қонунчиликнинг юқоридаги талаблари тушунтирилгач, истеъмолчининг нуқсонли қурилмаси худди шундай русумдаги бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилишига эришилди.

Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin