Ўлчами бироз мос келмаган кийимнинг пули қайтарилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Ҳидоят кўчасида яшовчи М.А.нинг фарзандига харид қилинган аёллар кийимининг ўлчами мос келмаганлиги ва сотувчи ушбу товарни қайтариб олмаётганлиги борасидаги мурожаат ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, у якшанба куни Фарғона шаҳар буюм бозоридан қиз фарзанди учун 715 000 сўмга аёллар костюм юбкасини харид қилади. Кийим уйга олиб келингач эса ўлчами фарзандига бироз мос келмаётганлиги маълум бўлади. Душанба бозор ишламаганлиги сабабли сешанба кунида сотувчига бориб учрашиб, ҳолатни тушунтирганида эса “Сотилган товар қайтариб олинмайди”, деган жавобни олади.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига кўра, истеъмолчи харид қилинган ноозиқ-овқат товарини 10 кун муддат ичида худди шундай товарга алмаштириб олиш, агар сотувда бундай товар қолмаган бўлса пулини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Фақат бунда товардан фойдаланилган бўлмаслиги, у шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган бўлиши талаб этилади.
Шаҳар жамияти мутахассислари мурожаатни ўрганиш доирасида сотувчи билан учрашиб, қонун талабларини тушунтирганларидан сўнг сотувчи истеъмолчининг 715 000 сўм пулини қайтариб бериб юзага келган низоли ҳолатни бартараф этишни маъқул кўрди.
Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment