Уч ярим миллион сўм асоссиз қарздорлик истеъмолчи зиммасидан соқит қилинди

Уч ярим миллион сўм асоссиз қарздорлик истеъмолчи зиммасидан соқит қилинди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг А.Навоий кўчасида яшовчи Х.Н.нинг электр энергияси тўловларида юзага келган тушунмовчиликка ойдинлик киритиб берилишида амалий ёрдам кўсратилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, у 2020 йилда коробка ҳолатида харид қилинган ушбу хонадонга 2021 йилда қурилиш ишлари тўлиқ тугаллангач кўчиб кириб яшашни бошлаган. Истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни тўлаб келаётган бўлсада, негадир кейинчалик унга хонадонда истеъмол бўйича 3 600 000 сўм қарздорлик юзага келганлиги ва уни бартараф қилиш лозимлиги маълум қилинган. Ҳолатга ўз кучи билан ойдинлик кирита олмагач шаҳар жамиятига бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.

Ўтказилган ўрганиш ишларида қарздорлик электр таъминоти корхонаси масъуллари томонидан хонадонга ҳисоблагич ўрнатилиши ва кейинчалик кўрсаткичларни базага киритиб борилиши жараёнида йўл қўйилган хатолик туфайли келиб чиққанлиги ҳамда қарздорлик пенялари билан қўшиб ҳисобланганда 3 549 000 сўмни ташкил қилганлиги маълум бўлди. Ўрганиш ишлари давомида юзага келган қарздорлик асоссиз деб эътироф этилиб, уни истеъмолчининг мажбуриятидан соқит қилиш чора-тадбирлари кўрилди.

Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

Post Comment