Айрим турдаги товарларни ишлатиб кўрсатиш, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиш сотувчининг мажбуриятидир
Бувайда тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Олтиариқ туманилик С.О.нинг истеъмол кредити шартларида харид қилинган скутердаги носозликлар юзасидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у Бувайда туманидаги “Осиё” савдо дўконидан умумий қиймати 18 768 000 сўм бўлган электроскутерни 2 800 000 сўм олдиндан тўлов қилиб, қолган қийматини бир йил давомида бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган. Сотувчи олди-сотди жаранида скутер бир зарядлаш билан 50 кмгача масофани босиб ўтишини айтган бўлсада, хонадонга келтириб фойдаланиш жараёнида биринчи марта зарядлашда 28 км, иккинчисида эса 30 км масофа юриб заряди тугаган. Шундан сўнг сотувчига скутер аккумуляторини алмаштириб берилиши талабини қўйиб, ойлик тўловларни шундан сўнг амалга оширишини маълум қилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида скутер сотувчининг дўконига келтирилиб, мутахассис текширувидан ўтказилди. Скутерни зарядлаб босиб ўтган масофаси ўлчанганда, у бир заряд билан 48 км масофани босиб ўтди. Шундан сўнг мурожаат эгасига скутерни зарядлаш бўйича йўл-йўриқ ва қўшимча тушунтиришлар берилгач, истеъмолчи носозлик аниқланмаган скутерни хонадонига олиб кетди.
Шу ўринда турли маиший техникаларни реализация қилиш билан шуғулланаётган сотувчиларга олди-сотди жараёнида истеъмолчиларга сотилаётган техникаларни ишлатиб кўрсатишни, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатишларини сўраб қоламиз, зеро бу сотувчиларни “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида кўрсатиб ўтилган мажбуриятларидан биридир.
Асроржон Йигиталиев,
туман жамияти раиси.
Post Comment