Истеъмолчининг қонуний талаби ижроси таъминланди
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Тошлоқ тумани “Турват” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи И. У.дан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда фуқаро Марғилон шаҳри “Ипакчи буюм бозори”даги дўконлардан биридан харид қилинган қишки кийим мақбул сифатда эмаслиги маълум бўлгач бу борада сотувчига қўйилган қонуний талаблар бажарилмаётганлиги маълум қилиниб, муаммони бартараф қилинишида амалий ёрдам кўрсатилиши сўралади.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у аёллар учун пальтосини 230 000 сўмга харид қилади. Олди-сотди жараёнида сотувчи томонидан маъқул келмаса алмаштириш ёки пулини қайтарилиши бўйича ваъдалар ҳам берилади. Шу аснода сотиб олиниб хонадонга келтирилган қишки кийимда эса нуқсонлари борлигини пайқагач, савдо дўконига қайтариб олиб, уни алмаштириш ёки пулини қайтаришни сўраган. Рад жавоби олгач эса шаҳар истеъмолчилар уҳқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб келган.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, сотувчи шартнома тузиш йўли билан истеъмолчига мақбул сифатдаги товарни мулк қилиб топшириш мажбуриятини олади. Тузилган заҳоти бажариладиган шартномалар, қоида тариқасида, оғзаки шаклда тузилади. Одатда кундалик ҳаётимизда олди-сотди амалиётларини худди шу оғзаки шартномалар асосида амалга оширамиз. Ўз-ўзидан аёнки, истеъмолчи товарнинг нархи билан биргаликда, сотувчининг ана шу оғзаки шартномалар бўйича аҳдлашишлар жараёнидаги шартларга ҳам эътибор қаратади. Агар ушбу жараёнда сотувчи товарни эркин алмаштириб бериши, ёқмаса пулини қайтариб беришлари, кафолат муддати масаласида ва бошқа ҳолатлар бўйича бошқа сотувчиларга қараганда қуюқроқ ваъдалар берса, бу истеъмолчининг танловида эътибордан четда қолиб кетмайди, албатта. Агар олди-сотди амалга ошса, демак, берган ваъдалари ҳам сотувчининг зиммасига мажбурият бўлиб ўтади.
Мурожаат асосида олиб борилган ўрганиш ишларида бозордаги савдо дўкони сотувчисига юқоридаги ҳолатлар, уларга қўшимча равишда, у истеъмолчининг қонуний талабларини бажармагани сабабли, истеъмолчида қонуннинг 16-моддаси тартибида шартнома бекор қилиниши, ўзига етказилган моддий зиён ва маънавий зарарни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи ҳам вужудга келишини тушунтирилди. Тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқарган сотувчи истеъмолчининг 230 000 сўм пулини қайтариб берди.
Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.
Post Comment