Қирғизистонлик фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал қилиб берилди
Қувасой шаҳри Қирғизистон Республикасининг Қадамжой райони билан чегарадош ҳисобланади. Шу сабабли шаҳар ва ушбу район фуқаролари ўртасида эскитдан қўни-қўшничилик, қариндош-уруғчилик, борди-келди муносабатлари шаклланган. Ҳудудларнинг яқиндан ўзаро ҳамкорлиги икки давлат фуқароларининг кундалик муаммолар юзасидан турли идораларга тўғридан-тўғри мурожаат қилишларида ҳам ўз аксини топмоқда.
– Мен Фарғона вилоятида жойлашган “Қумтепа” буюм бозоридаги атлас савдо расталаридан жами 3 000 000 сўмга 10 кийимлик атлас сотиб олдим. Уйга олиб келгач кўрганимда матоларда нуқсонлар бор экан. Қайтариб олиб борганимда алмаштириб беришмади, – дейди Қирғизистон Республикаси Қадамжой райони Уч-Қўрғон қишлоғида яшовчи Ж.М. (аёл) Федерациянинг Қувасой шаҳар жамиятига берган ёзма мурожаатида.
Шаҳар жамияти мутасаддилари хорижлик фуқаро ҳамкорлигида мазкур буюм бозорига бориб сотувчи билан учрашдилар ҳамда унга нуқсонли товар сотилганда истеъмолчининг ҳуқуқлари ва сотувчининг мажбуриятлари юзасидан тушунтириш ишларини олиб бордилар. Тушунтиришлар кор қилиб, фуқаронинг қўлидаги нуқсонли матолар мақбул сифадагисига алмаштириб берилди.
– Мен матоларнинг нуқсони юзасидан сотувчига учрашганимда ҳал бўлмаган масала унга Қувасой шаҳар жамияти мутахассислари аралашуви билан ижобий ҳал бўлди. Бунинг учун Федерация ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди қирғизистонлик фуқаро ўз миннатдорчилик хатида.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
Post Comment