“Мақбул сифатдаги алмаштирилмайдиган” ва “нуқсон чиққанда алмаштириладиган” товар тушунчаларини адаштирмайлик
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг А.Азизов кўчасида яшовчи С.А.нинг харид қилинган қурилиш-пардозлаш материалининг нуқсонли чиққанлиги-ю сотувчи уни алмаштириб бермаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида баён қилишича, у Фарғона шаҳридаги қурилиш материаллари бозоридан 2 800 000 сўмга гулқоғоз (обои) харид қилади. Уларни хонадонига келтирганида пардозлаш ишларини олиб бораётган уста ичидаги бир нечта рулондаги гулқоғознинг гулида бироз фарқ борлигини айтади. Истеъмолчи шу кунни ўзида қайтиб келиб сотувчидан уларни алмаштириб олишга уринади, лекин рад жавоби олади.
Шу ўринда кўпинча аҳоли ва соутвчилар ўртасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўлиб қолаётган бир ҳолатга ўқувчилар эътиборини қаратиб ўтишимиз лозим. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига кўра, истеъмолчи мақбул сифатдаги (ҳеч қандай нуқсони бўлмаган) ноозиқ-овқат товарини, унинг қандайдир истеъмол хусусиятлари (ранги, фасони, ўлчами ва ҳоказо) ёқмаганлиги важи билан, харид қилинган кунидан эътиборан 10 кун ичида алмаштириб олиш ҳуқуқига эга. Фақатгина ушбу товар “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида келтириб ўтилган “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”га киритилмаган бўлса бўлди. Товар ушбу рўйхатда бўлса, демак у алмаштирилмайди. Лекин бу дегани, товар ушбу рўйхатга киритилган бўлса, унда нуқсон аниқлансаям алмаштирилмайди, дегани эмас. Қонуннинг 13-моддасига кўра, нуқсонли товар қайтариб олинади ва алмаштирилади.
Истеъмолчи С.А. харид қилган товар ҳам юқоридаги рўйхатга киритилган, лекин ушбу ҳолатда истеъмолчи гулқоғознинг ранги ёки бошқа истеъмол хусусияти ёқмаганлигини эмас, балки харид қилинган гулқоғоз рулонлари ичидан маълум қисмида гуллари фарқ қилишини важ қилиб кўрсатмоқда. Бу ҳолатда эса истеъмолчи гулқоғоз рулонларининг нафақат гуллари фарқ қиладиган қисмига, балки бутун тўпламни алмаштирилиши талабини ҳам қўйиши мумкин бўлади. Шаҳар жамияти мутахассиси томонидан ушбу ҳолатлар сотувчига тушунтирилгач, у гулқоғоз рулонлари ичидан нуқсонли деб ҳисобланган 700 000 сўмлик қисмини тезликда алмаштириб берди.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
Post Comment