Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантиришда аҳолини рўйхаига олишнинг роли катта
Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015-йил 10-июндаги “2020-йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясига таяниб, аъзо-давлатларни 2020-йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишни қатъий даъват этади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2020-йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастурини кўллаб-қувватлашини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга ваколатли орган ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини назорат қилиш, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш, материалларни қайта ишлашни ташкил этиш ва якуний натижаларни э’лон қилиш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган ҳолда жалб этишни ташкил этиш, ташкилотларни уларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларга, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш ва ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга жалб қилиш масалаларини кўриб чиқиш каби асосий вазифалари этиб белгиланди.
Бундан ташқари аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялари ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларни аниқ чора-тадбирлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда ташкил этиши, ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ масалалар юзасидан, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган ҳудудий бўлинмаларини ва бу жараёнга жалб қилинган бошқа ташкилотларни моддий-техник таъминланганлигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиши, ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс ишлар бажарилишини назорат қилиши, ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ҳамда иштирок этганларни рағбатлантириш каби устувор вазифалар қўйилган.
Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади ва у келгуси 10 — 30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга солган ҳолда расмий статистика тизимида асосий рол ўйнайди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яхлит ва хар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида халқаро таққослана оладиган ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик услублар асосида йиғиш аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ҳисобланади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш аҳоли таркибидаги глобал ўзгаришларни баҳолаш, демографик сиёсатни, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар аҳволини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун ахборотлар базасини кенгайтириш, аҳоли пунктлари ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурлар тайёрлаш ва индикатив режалаштириш, миллий барқарор ривожланиш мақсадларини шакллантириш ва унинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказиш, аҳолини рўйхатга олиш даврлари оралиғида аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини юритиш, аҳоли сонининг ҳисоби ва прогнозларини амалга ошириш учун статистик базани яратиш, ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш каби асосий вазифаларни ўз ичига олади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича халқаро тавсиялар ва хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишлари уч босқични ўз ичига олиб, уларнинг доирасида тадбирлар ҳам босқичма-босқич, ҳам бир вақтнинг ўзида ўтказилиши белгиланган.
Биринчи босқичда (3 йилга яқин даврда) аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, аҳолини рўйхатга олиш дастурини, рўйхатга олиш варақалари бланкларини, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш, синов асосида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ва унинг асосида методологик ҳужжатларни такомиллаштириш, хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ва аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режаларини тузиш, замонавий хариталаш технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, унинг ўтказилишини назорат қилиш, якуний натижаларни олиш ва тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш, ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш, рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни чоп этиш, моддий-техника таъминоти воситаларини тайёрлаш ва (ёки) харид қилиш, шунингдек, уларни рўйхатга олиш участкаларига етказиш, рўйхатга олиш участкаларини бино, транспорт ва алоқа воситалари билан та’минлаш, рўйхатга олиш тадбирида иштирок этувчи вақтинчалик ходимларни ўқитиш, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишлар амалга оширилади.
Иккинчи босқичда (10 кундан 60 кунгача бўлган даврда) бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.
Учинчи босқичда (2 йилдан 3 йилгача бўлган даврда) аҳолини рўйхатга олишга доир бирламчи материалларни маълумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олиш, аҳолини рўйхатга олиш материалларини автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрлаш, бирламчи маълумотларни киритиш, кодлаш, назорат ва таҳрир қилиш, аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижаларни олиш, аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилиш ва тарқатиш кабилар амалга оширилади.
Мархабохон Фазилова,
“Рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва уни ўтказиш” бўлими
етакчи мутахассиси.
Post Comment