Истеъмолчига 24 миллион сўмдан ортиқроқ пулини қайтариб олишида ёрдам кўрсатилди

Истеъмолчига 24 миллион сўмдан ортиқроқ пулини қайтариб олишида ёрдам кўрсатилди

Тошлоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.Д.нинг қурилиш компанияси ишларни чўзиб юбориши натижасида уй харид қилишдан воз кечганлиги ва компания унга қайтариши лозим бўлган пул суммасидан 24 миллион сўмдан ортиқроқ қисмини қайтариб бериш ишларини пайсалга солиб келаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчига кўра, у “Azik Nurik Golden brich” МЧЖ томонидан туман ҳудудига қурилаётган янги хонадонлардан бирини харид қилиш учун 47 480 000 сўм олдиндан тўловни амалга оширган. Лекин қурилиш ишлари икки йил давомида ҳам ниҳоясига етавермагач, истеъмолчи уй харид қилишдан воз кечиб, ўзи томонидан тўланган пул суммаси қайтарилишини сўраган. Ўша пайтда истеъмолчининг ушбу масаладаги мурожаати асосида ўрганиш ишлари олиб бораётган Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларининг аралашуви билан компания унга пулнинг 22 770 000 сўм қисмини қайтариб берган, қолган қисми эса тез кунларда қайтарилишини ваъда қилган. Лекин орадан муайян вақт ўтиб, пуллар қайтарилиши пайсалга солинаётганлигини кўрган истеъмолчи бу ҳақда туман жамиятига маълум қилган.

Туман жамияти томонидан юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда ишни суд орқали ҳал қилиш қарорига келиниб, Фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси тайёрланди ва жавобгар томон бу ҳақда тегишли тартибда огоҳлантирилди. Юзага келган ҳолатдан тўғри хулоса чиқарган қурувчи компания томонидан ишни судгача ҳал қилиш маъқул кўрилиб, истеъмолчига қайтарилиши керак бўлган 24 710 000 сўм пул суммаси тўлиқ қайтарилиб, масала истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.

Ҳуснидахон Якубова,
туман жамияти мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin