Шартнома расмийлаштиришда хатолик сабабидан ортиқча тўлов суммаси келиб чиққанлиги маълум бўлди
Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.С.нинг муддатли тўлов шартларида, ҳеч қандай фоиз тўловларисиз сотиб олинган 2 340 000 сўмлик товарлар учун кейинчалик фоиз қўшиб ҳисобланиши ҳолатидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида билдиришича, тумандаги “Grand” кредит савдо дўконидан ҳар бири 1 170 000 сўмдан, умумий қиймати 2 340 000 сўм бўлган икки дона болалар аравачасини товар қийматини 3 ойда бўлиб тўлаш шартларида сотиб олади. Лекин харид жараёнида унга қўшимча фоизлар ҳисобланмаслиги айтилган бўлсада, кейинчалик ундан 300 минг сўм атрофида устама фоиз тўлаши кераклиги айтилгач, мазкур ҳолатдан норози бўлиб туман жамиятига мурожаат қилади.
Мурожаат туман жамияти мутахассислари ва кредит савдо дўкони масъуллари билан ҳамкорликда ўрганилиши жараёнида истеъмолчи томонидан келтирилган важларнинг тўғрилиги, дўкон ходими томонидан шартнома расмийлаштириш жараёнида ҳисоблаш ишларида хатоликка йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Ўрганиш якунлари бўйича истеъмолчига тўловларни амалга ошириш жараёнида ҳеч қандай қўшимча тўловлар тўламаслиги маълум қилинди.
Дилобар Дадахонова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment