Зарур истеъмол хусусиятларига эга чиқмаган мотоблокнинг пули қайтариб олинди

Зарур истеъмол хусусиятларига эга чиқмаган мотоблокнинг пули қайтариб олинди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшовчи А.Д.нинг 9 000 000 сўмга сотиб олган мотоблокни сотувчи томонидан реклама қилинган техник хусусиятларга эга чиқмаганлиги сабабли, уни сотувчига қайтариб пулини қайтиб оломаётганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди. Истеъмолчи мурожаатида гусеницали мотоблокни шаҳардаги “Фарғона агро сервис” МЧЖдан харид қилгани, лекин техника реклама қилинган даражадаги ишларни бажариш хусусиятларига эга чиқмаганини даъво қилиб, пулини қайтариб олинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, агар товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши оқибатида зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Истеъмолчининг товар ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товарнинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.

Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан юқоридагиларга асосланган ҳолда сотувчи билан ўтказилган музокара ва тушунтириш ишлари натижасида амалдаги қонунчилик талаблари ижросини таъминланишига шартнома бекор қилиниб, истеъмолчига 9 000 000 сўм пулини қайтарилишига эришилди.

Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment