“Мен – молиявий саводхонман” бир босқичли кўрик-танлови якунига етди

“Мен – молиявий саводхонман” бир босқичли кўрик-танлови якунига етди

Бу ҳақда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ҳудудий бирлашманинг “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” номли лойиҳасига давлат гранти ажратилган бўлиб, унинг доирасида бир қатор ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, лойиҳани самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Фарғона вилоят бош бошқармаси билан имзоланган меморандум, лойиҳа бўйича олиб борилаётган ишларни ёритиб бориш мақсадида Фарғона вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда имзоланган медиа-режа, ҳудудий бирлашма сайтини замон талабларига мос равишда модернизация қилиш, “Молиявий саводхонлик – давр талаби” плакати лойиҳасини ишлаб чиқиш ва босмадан чиқариш, “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” шиори остида вилоят ҳудудидаги 10 та олийгоҳларда ўтказиладиган семинар-тренинглар шулар жумласидандир.

Лойиҳа бўйича амалга оширилиши кўзда тутилган ишлардан яна бири ёшлар ўртасида “Мен молиявий саводхонман” бир босқичли кўрик-танловини ўтказиш бўлиб, кўрик-танловни 2024 йилнинг сентябр ойида телевидение ва радио, ҳудудий бирлашма ва ҳамкор ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали эълонини бериш, 1 октябридан 30 ноябрга қадар танловга материалларни қабул қилиб олиш, декабр ойи биринчи декадасида Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаш ишлари унинг Низоми талаблари асосида босқичма-босқич ўтказиб борилди. Буларга қўшимча вилоят ҳудудидаги олий таълим даргоҳларида ўтказилаётган семинар-тренингларда кўрик-танлов ва унда иштирок этиш тартиблари тўғрисида тушунтиришлар бериб борилди.

Танловга белгиланган муддат ичида 8 нафар иштирокчи (жамоа)дан 15 та материал (давомийлиги 1 минутгача бўлган шортс, риилзлар) келиб тушиб, иштирокчиларнинг 62,5 фоизини эркаклар, 37,5 фоизини аёллар ташкил қилган бўлса, келиб тушган материалларнинг 5 таси ёки 33 фоизи аёл иштирокчилар томонидан тайёрланган. Иштирокчиларнинг 1 таси мактаб ўқувчиси, 3 таси талаба ва 4 таси халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат фаолияти олиб бораётган ёшлардан иборат бўлди.

Танлов ташкилотчиси – ҳудудий бирлашманинг 05.11.2024 йил кунида ўтказилган навбатдаги Кенгаш йиғилишида 7 нафардан иборат таркибда тасдиқланган, танлов ташкилотчисининг 1 нафар, Марказий банк вилоят бош бошқармасининг 1 нафар, ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмасининг 2 нафар, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмасидан 1 нафар, 1 нафар журналист ва 1 нафар блогердан иборат Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан келиб тушган материалларни баҳолаш натижаларига кўра, ғолиб ва совриндорлар номи аниқлаб олиниб, 1-ўрин ва 7 000 000 сўм пул мукофотига Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Зухра Каршиева, 2-ўрин ва 5 000 000 сўм пул мукофотига Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Имрон Хасанов, 3-ўрин ва 3 миллион сўм пул мукофотига эса Central Asian medicаl university талабаси Баходиржон Давроновлар томонидан юборилган видероликлар лойиқ деб эътироф этилди. Республика маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими жамоаси вакили Махмуджон Олимов эса танловнинг рағбатлантирувчи номинацияси ғолиби деб эътироф этилди ва Марказий банк вилоят бош бошқармасининг эсдалик совғаси билан тақдирланиши белгиланди.

Юқоридагиларга асосан 2024 йилнинг 17 декабр кунида Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да ўтказилган тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга мукофотлар ҳамда ҳудудий бирлашманинг “Фахрий ёрлиқ” ва “Ташаккурнома”лари топширилди.

Ҳозирги кунда “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” грант лойиҳаси доирасида кўзда тутилган тадбирлар тизимли асосда давом эттирилмоқда.

Post Comment