Асосланмаган қарздорлик суммаси истеъмолчининг шахсий ҳисоб варағидан чиқарилди
Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “М.Хасанов” номли маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Т.А.нинг истеъмол қилинган ичимлик суви тўловлари бўйича ҳисобланган асосланмаган қарздорликдан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида жорий йилнинг март ойида ичимлик суви таъминоти корхонаси томонидан унинг хонадонига нисбатан асосланмаган қарздорлик ҳисобланаётганлиги масаласида қилган мурожаатига ҳақиқатан ҳам 820 000 сўм миқдорида нореал қарздорлик ҳисобланганлиги ва у бартараф этилиши бўйича жавоб хатларини олганлигини, лекин шу йилнинг ноябр ойига келиб яна шу масалада муаммога дуч келаётганлигини маълум қилиб, масалани қонуний ечим топишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Туман жамияти томонидан мурожаат асосида ўтказилган ўрганишда истеъмолчи томонидан келтирилган важларнинг ўринли эканлиги, хонадонда ичимлик суви таъминоти корхонаси тармоғи мавжуд бўлмасада унинг хонадонига нисбатан қарздорлик ҳисобланиб келинганлиги ва ушбу қарздорлик суммаси 978 524 сўмни ташкил этаётганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат ичимлик суви таъминоти корхонасидан олинган жавоб хати (05.12.2024 й №479) билан ҳам исботини топди ҳамда ўрганиш натижалари билан мазкур асосланмаган қарздорлик суммасини истеъмолчининг шахсий ҳисоб варағидан чиқариб юборилганлиги маълум қилинди.
Адхамжон Хамидов,
туман жамияти раиси.
Post Comment