Зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотувчига қайтарилиб, уни бошқасига алмаштириб берилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Янги аср кўчасида яшовчи фуқаро Ш.А.нинг бўлиб тўлаш шартларида 6 500 000 сўмга харид қилинган смарт телевизордан фойдаланишда юзага келган муаммолар юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у юқорида номи келтирилган русумдаги телевизорни сотиб олиб хонадонига келтирганида смарт телевизорни ички дастурларини рўйхатдан ўтказишда муаммога дуч келган. Шундан сўнг сотувчи вакиллари томонидан телевизор олиб кетилиб, рўйхатдан ўтказиб келтириб берилган. Қизиғи, регистрациядан ўтказилганда телевизорнинг бренди унинг ташқи қисмида кўрсатилганидан бошқа брендни кўрсатган. Шундай бўлсада, истеъмолчи телевизорни қабул қилиб олишга мажбур бўлган. Бироқ орадан маълум вақт ўтиб унинг масофадан бошқариш мосламаси ишдан чиққач, бошқа шундай мослама топиш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлардан натижа чиқмаган. Шундан сўнг истеъмолчи мақбул сифатда бўлмаган ушбу телевизорни бошқасига алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг Марғилон шаҳар жамиятига мурожаат қилган. Мурожаат ҳудудий тегишлилиги бўйича Фарғона шаҳар жамиятига йўналтирилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчига товар ҳақида нотўғри маълумот берилган ва бу ҳолат зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Шундан келиб чиққан ҳолда, Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти ходимлари томонидан сотувчига олиб борилган тушунтириш ишлари давомида зарур истеъмол хоссасига эга бўлмаган товар учун тузилган шартномани бекор қилинишига ва телевизорни мақбул сифатдаги бошқа русумда бўлган тенг қийматли телевизорга алмаштирилиб, истеъмолчи муаммоси бартараф этилишига эришилди.
Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment