Жамият аралашуви масалани истеъмолчи фойдасига ҳал бўлишига олиб келди
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Лашкар кўчасида яшовчи А.Ж.нинг 4 600 000 сўмга харид қилинган автомат кир ювиш машинаси 15 кун олдин ишламай қолганлиги, сервис марказига қилаётган мурожаатларидан натижа бўлмаётганлиги масаласида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Маълумки, ҳар қандай идора юқори турувчи идорасининг ишонч телефони орқали оғзаки равишда қайд қилиниб, кейинчалик ҳудудий тегишлилиги бўйича юборилган мурожаатни ўрганишдан олдин мурожаат эгасининг шахсига, унинг томонидан берилган манзил ва бошқа маълумотларга яна бир бор ойдинлик киритиб олади. Юқоридаги мурожаатни ўрганишда мурожаат эгаси томонидан қолдирилган телефон рақами ишламасдан, унга боғланишнинг имкони бўлмагани боис, берилган манзил бўйича аниқлик киритилмоқчи бўлинганда, кўрсатилган манзилда бошқа шахс яшашлиги, у ишонч телефонига мурожаат қилмаганлиги, мурожаат қилувчилар аслида шаҳарнинг бошқа кўчасидаги бошқа рақамли хонадонда истиқомат қилишлари, мурожаатда исми шарифи келтирилган шахснинг ўзи бошқа давлатга ишлаш учун кетганлиги маълум бўлди. Шундан сўнг, унинг оила аъзолари билан суҳбат давомида мурожаатда келтирилган ҳолатларга қўшимча аниқликлар киритиб олинди.
Маълум бўлишича, улар “Қўқон савдо комплекси” ҳудудидаги савдо дўконидан Premier русумидаги, кир ювиш қуввати 7 кг лик бўлган автомат кир ювиш машинасини харид қилиб, муайян вақт фойдаланишлари давомида унда қандайдир носозлик кузатилиб ишламай қолган. Ушбу масалада сервис марказига қилган мурожаатларидан натижа чиқара олмаганларидан сўнг, Федерация ишонч телефонига мурожаат қилиб, амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганлар.
Ушбу масалага шаҳар жамияти аралашуви билан нуқсон аниқланган маиший техника сервис марказига олиб кетилиб, техник кўрикдан ўтказилганда, кир ювиш машинасининг платаси куйганлиги қайд қилиниб, ишлаб чиқарувчи базасига буюртма берилди. Эҳтиёт қисм етиб келиши билан маиший техникага ўрнатилиб, соз ҳолатда истеъмолчи хонадонига етказилиши таъминланади. Ўрганиш ишлари давомида томонларга товарда нуқсон аниқланганда уни бепул таъмирлаш билан боғлиқ жараёнлар ва қонунчиликда белгиланган муддатлар ҳамда ушбу муддатларга амал қилмаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар юзасидан қўшимча тушунтиришлар берилди.
Муҳаммаджон Ўлмасов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment