Фарғона солиқ техникумида тарғибот тадбири бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан Фарғона солиқ техникумида “15-март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” мазусида семинар бўлиб ўтди. Техникум талаба ва ўқитувчилари иштирокида ташкилланган мазкур тадбирда, Рақобат бошқармаси масъул ходимларидан ташқари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига дахлдор ташкилотлар масъуллари, хусусан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий бирлашма масъул ходимлари ҳам иштирок этиб, тадбир мавзусига оид масалалардаги фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Таъкидландики, ҳар йили 15 март куни халқаро жамоатчилик “Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни”ни халқаро истеъмолчилар ҳаракати куни сифатида нишонлайди. Ушбу кунни нишонлаш АҚШ Президенти Жон Кеннедининг 1962 йил 15 мартдаги АҚШ Конгрессидаги нутқидан сўнг тарихга кирган. У биринчи марта “истеъмолчи” тушунчасини тавсифлади ва истеъмолчиларнинг 4 та асосий ҳуқуқларини ажратиб берди, яъни хавфсизлик ҳуқуқи, маълумот олиш ҳуқуқи, танлаш ҳуқуқи ва эшитилган бўлиш ҳуқуқи. Кейинчалик буларга Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) томонидан 4 та ҳуқуқ қўшилиб, истеъмолчиларнинг саккизта асосий ҳуқуқлари тан олинди:
асосий эҳтиёжларни қондириш ҳуқуқи;
хавфсизликка бўлган ҳуқуқ;
ахборот олиш ҳуқуқи;
танлаш ҳуқуқи;
истеъмолчилар манфаатларини ифода этиш ҳуқуқи;
етказилган арарларни қоплатиш ҳуқуқи;
истеъмолчилик таълимини олиш ҳуқуқи;
соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ.
Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни биринчи марта 1983 йил 15 мартда нишонланди. 2 йилдан сўнг – 1985 йил 9 апрелда БМТ Бош Ассамблеяси истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўрсатмалар қабул қилди (БМТ Бош Ассамблеясининг 39/248-сонли қарори).
Ушбу тамойилларнинг қабул қилиниши билан истеъмолчилар ҳуқуқлари халқаро миқёсда тан олиниб, қонунийлик мақомига эга бўлди. Ушбу кўрсатмалар истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги сиёсатни белгилаш ва қонунчиликни ишлаб чиқишда ҳукуматлар учун дастуриламал вазифасини ўтайди. БМТнинг ушбу резолюциясини қабул қилиниши ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни кенг ривожлантиришга имкон берди.
Сўзга чиққанлар томонидан, шунингдек, мамлакатимизда бу борада алоҳида қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинганлиги, уларни ҳаётга жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, истеъмолчи ҳуқуқи ҳимоясининг давлат томонидан кафолатланиши, истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг шаклланиши, бугунги кунда соҳага дахлдор идораларга истеъмол соҳасига оид келиб тушаётган мурожаатлар, уларни ўрганиб чиқилиши натижалари бўйича атрофлича тушунтириш ва маълумотларни ҳам бериб ўтдилар.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг соҳага оид фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди. Тадбир якунларига кўра, таълим маскани жамоаси ҳамда тегишли идоралар ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ишида ўзаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек юқорида номи зикр этилган халқаро санани кенг нишонлаш ишига техникумнинг ҳар бир талабаси ўз ҳиссасини қўшишига келишиб олинди.
Post Comment