Ҳудудларда “Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” тадбирлари бўлиб ўтди

Ҳудудларда “Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” тадбирлари бўлиб ўтди

“15-март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни”га бағишлаб Фарғона вилоятида турли шакллардаги маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб борилди.

Марғилон шаҳри

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан шаҳардаги 1-умумтаълим мактабида юқоридаги санага бағишлаб “Ҳуқуқини англаган истеъмолчи ҳамиша ҳақ” номи остида давра суҳбати ташкилланди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда истеъмол маданиятини ошириш, истеъмолчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нақадар муҳимлиги ҳақида истеъмолчиларга маълумот беришдан иборат бўлди. Унда сўз олган Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси И.Абдураҳимов кун тартибидаги асосий масала юзасидан маърузаси давомида истеъмолчи сифатида ҳуқуқларини билиш ва тўғри англаб олиш аҳолимиз учун муҳимлиги тўғрисида ўз фикр ва мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтар экан, тадбир иштирокчилари бўлган педагог ходимларни бу ишларга ўз ҳиссаларини қўшишга чақириб ўтди.

Қўқон шаҳри

Қўқон шаҳрида ўтказилган тадбирда “15-март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” халқаро санасининг дунё мамлакатлари аҳолиси – истеъмолчилар учун аҳамияти, унинг вужудга келиши ва эътироф этилиши, кейинчалик дунё мамлакатларида бу борада қонунчилик базаларининг шаклланиши, жумладан Ўзбекистон Республикаси давла мустақиллигини қўлга киритгач, дастлаб Конституцияга тегишли нормаларни киритилиши, кейинчалик эса алоҳида қонун қабул қилиниши, қонун билан истеъмол ҳуқуқлари ҳимоясини давлат томонидан кафолатланганлиги каби масалаларда сўз борди. Шунинг билан биргаликда, шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масъуллари томонидан юртимизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг вакили бўлган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ажмиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий ташкилотлари фаолияти юзасидан ҳам ахборотлар бериб ўтилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Тошлоқ тумани

Туман жамияти томонидан Мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Тиббиёт бирлашмаси, Ободонлаштириш бошқармаси, Маҳаллалар уюшмаси каби ташкилотларда “Истеъмолчилар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида” мавзусида давра суҳбатлари ташкилланди.

Тадбирларда юртимизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг вужудга келиши, тараққиёти ва бугунги ҳолати, соҳага оид қонунчилик базасининг шаклланиши каби масалаларда сўз борди. Тадбир иштирокчиларига Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий билим савияси ва истеъмол маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам ахборотлар бериб ўтилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Post Comment