Узрли сабаб билан қолдирилган авиарейс чиптаси пули қайтарилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона туманининг “Янги ариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А.А.нинг Россияга учиш учун 3 500 000 сўмга харид қилинган авиачипта узрли сабаблар билан қайтарилган бўлсада, пулини қайтариб ололмаётганлиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ишонч телефонига қилган мурожаати тегишлилиги бўйича ўрганилди.
Истеъмолчининг ўрганишга билдирган қўшимча тушунтиришларидан маълум бўлишича, унга 10 нафардан иборат гуруҳ таркибида Россия Федерациясининг Иркутск шаҳрига учиш учун билет харид қилинган. Лекин учиш кунида аэропорт ходимлари унда Россияга кириш учун тақиқ борлигини маълум қилиб, қўлига авиачипта пулини қайтариб олишига асос бўлувчи далолатномани тутқазганлар. Бироқ унинг ушбу ҳужжат асосида пулини қайтариб олиш бўйича қилган саъй-ҳаракатлари самара бермагач, ишонч телефонига мурожаат қилиб амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Ўрганишда маълум бўлишича, авиачипта Фарғона шаҳридаги авиачипталарни сотиш шохобчасидан жорий йилнинг 4-февралида харид қилинган бўлиб, парвоз 21-феврал куни S7 Airlaines авиаташувчиси воситасида амалга оширилиши керак бўлган. Лекин узрли сабаблар билан учиш бекор қилинганидан сўнг ушбу шохобчага пулини қайтариш мақсадида қилган мурожаатига “билет қайтарилмайдиган тарифда харид қилингани” айтилиб, рад жавоби берилган. Ўрганиш давомида шохобчадаги масъулларга амалдаги қонунчилик талаблари ва уларнинг ижросини таъминланмаслиги натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилгач, А.А.га авиачипта учун тўлаган пулини қайтарилишига эришилди.
Мансуржон Тошканов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment