Энергия ресурсларига ноқонуний уланишлар / мутахассиснинг ҳам қўли бўлиши мумкин…

Энергия ресурсларига ноқонуний уланишлар / мутахассиснинг ҳам қўли бўлиши мумкин…

Бугунги кунда энергетика вазирлиги тизимидаги электр, иссиқлик, газ таъминоти ташкилотларининг, жумладан, уларнинг ҳудудлардаги идораларининг интернетда расмий сайтлари ва ижтимоий тармоқ ҳамда мессенжерларда алоҳида канал ва саҳифалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу расмий саҳифалар орқали бот-бот аҳоли ёки хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электр, иссиқлик, газ тармоқларига ноқонуний уланиб олиш ва бунинг натижасида энергетика тизими ташкилотларига катта миқдорда моддий зарар етказилган ҳолатлар ҳақида хабарлар бериб борилади. Ўқувчида ушбу мазмундаги хабарлар билан юқоридаги расмий саҳифа ва каналларда танишиш имконияти бўлгани сабабли, улардан мисоллар келтиришни жоиз, деб билмадик.

Лекин тарқатилган хабарларнинг мазмунига эътибор қаратилса, уларда фуқаро ўзига тегишли савдо дўкони электр ҳисоблагичидан ташқари тармоққа уланиб олгани, яна бирида айрим истеъмолчиларда электр тармоқларига ноқонуний уланишлар аниқланаётгани, қайсидир фермер ҳўжалиги раҳбари умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланиб олгани, табиий газдан ўғринча фойдаланган иссиқхона, иссиқхонада газ ҳисоблагичидан ташқари фойдаланиш каби йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар фош қилингани ҳақида хабарларга кўзингиз тушади.

Жавобгарлик бор. Аммо…

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси “Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш” деб номланиб, унда умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши бўйича норма белгиланган.

Шунингдек, юқоридаги ҳуқуқбузарлик Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) билан ҳам малакаланиши маълум.

Демак, юқоридаги ҳолатда ўз хонадонига электр, иссиқлик, газ тармоқларини ўзбошимчалик билан улаб олиб, ундан ноқонуний фойдаланиб келган фуқаро, мансабдор шахс жаримага тортилиши, иккинчи ҳолатда эса жиноий жавобгарликка тортилиши назарда тутилади.

Энди шу ўринда савол туғилади, фуқаро (ёки мансабдор шахс) алоҳида малака талаб этадиган иш, яъни юқоридаги тармоқларга уланиб олишни ўз кучи билан амалга ошира оладими? Агар у ўзи электр таъминоти соҳасидаги мутахассис бўлса, ёки газ таъминоти соҳасида мутахассис бўлиб, чилангарлик соҳасининг ҳам устаси бўлса, тармоққа уланиб олиш ишларини амалга ошира олар, лекин қолган аксарият ҳолатлардачи? Қолган ҳолатларда у, албатта, бу ишни амалга ошириш учун соҳанинг мутахассиси (ёки мутахассисларини) жалб қилади. Камига бу иш муайян маблағ эвазига амалга оширилиб, коррупцион ҳолатлар ҳам юзага келади. Агар мутахассис ёрдами бўлмаса, фуқаро айтайлик, электр тармоғига уланиш учун керакли бўлган материаллар (кабел ва б.)ни харид қилиб, хонадонига келтириб қўйишдан нарига ўтолмайди.

Таклиф

Савол туғилади. Нега энди ноқонуний уланиш ҳолатлари учун фуқаронинг ўзи жавобгар бўлиши керак. Унга амалий ёрдамини кўрсатган мутахассис (мутахассислар) ёки шу ишни амалга ошириш бўйича билим, малака ва кўникмага эга бўлган малакали шахс (шахслар) қаерда қолди? Қилган иши учун тегишли жавобини олмаган мутахассис (мутахассислар) ёки малакали шахс (шахслар) эртага бу ишни бошқа хонадон (маҳалла)ларда ҳам давом эттириши мумкинку.
Албатта, бу билан ноқонуний уланиб олиш ташаббусини кўрсатган фуқаро жавобгарликдан қочиб қолиши керак, демоқчи эмасмиз, лекин мутахассис бўлмаса у тармоққа улана олмас эди-ку.

Шундай экан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодекснинг 101-моддасидаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш қисмидаги санкцияни фуқаролар (хўжалик юритувчи субъектлар)нинг зиммасидан чиқариб, ушбу санкцияни 101-модданинг алоҳида қисми сифатида ажратиб олиб, мазкур тармоқларга уланишни амалга оширган ёки ёрдамини кўрсатган малакали шахс (мутахассис)га:

базавий ҳисоблаш миқдорининг …. бараваридан …… бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ….. бараваридан …. бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, тарзида баён қилиш, бунда, фуқарога (хўжалик юритувчи субъектга) нисбатан мазкур ишларни амалга оширган ёки ёрдам кўрсатган малакали шахс (мутахассис)ни ихтиёрий равишда маълум қилган ҳолларда, унга нисбатан жавобгарлик чоралари енгиллаштирилиши (ёки жавобгарликдан озод қилиниши) назарда тутилса мақсадга мувофиқ бўлади.

101-модданинг қолган улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш қисмларини ўзгаришсиз (фуқаролар, хўжалик юритувчи субъектлар зиммасида) қолдириш мумкин.

Мутахассис (мутахассислар) ёки малакали шахс (шахслар) ноқонуний уланиш учун биринчи навбатда ва асосан ўзи (ўзлари) жавобгар бўлишини билганидан сўнг эса ноқонуний уланиш ишига бош қўшишдан ўзини (ўзларини) тийишига, бу билан ушбу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар бир қадар камайишига ёки идеал ҳолатда умуман барҳам топишига умид билдириш мумкин.

Ғайрат МАМАТҚУЛОВ,
ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin