Истеъмолчига асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳолати қайд қилинмади
Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Боғистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ш.Р.нинг табиий газ истеъмоли бўйича тўловлардан 1 400 000 сўм қарздорлик келиб чиқаётганлиги, истеъмол кўрсаткичлари ва амалга оширилган тўловлари бўйича қарздорлик ёки ҳақдорлик ҳолатига ойдинлик киритиб берилишини сўраб қилган ёзма мурожаати ўрганилди. Истеъмолчи мурожаатида жорий йилнинг феврал ҳамда март ойи бошида тўловларни амалга оширган бўлсада, қарздорлик бартараф бўлмаганлигини баён қилади.
Мазкур мурожаат асосида ўрганиш ўтказиш давомида туман газ идорасига сўров хати киритилди ҳамда истеъмолчи хонадонидаги ҳисоблагич кўрсаткичлари ва унинг томонидан амалга оширилган тўловлар билан танишилди. Шунингдек, ўрганиш давомида, истеъмолчи мурожаатида қайд этилмаган тўловлар, яъни туман жамиятига мурожаат киритган кундан бир кун олдин ҳамда 5 кун кейин амалга оширган тўловлари ҳам қайта ҳисоб-китоб ишларида кўриб чиқилди.
Мурожаатни ўрганишда тўпланган ҳужжатлардан маълум бўлишича, қарздорлик ноябр-феврал ойларидаги ҳар ойлик ижтимоий норма (500 метр куб)дан жами олинганда 1 389 метр куб ошиб кетиши ҳисобидан келиб чиққанлиги, истеъмолчи тўловларни амалга оширганда ижтимоий нормадан ошиб кетиш ҳолатларини ҳисобга олмаганлиги маълум бўлди. Ўрганиш ишлари давомида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, истеъмолчига охирги маротаба амалга оширилган тўловлар билан қўшиб ҳисоблаганда 63 342 сўм миқдорида ҳақдорлиги ҳақида ёзма маълумот берилди.
Ҳусниддин Латипов,
туман жамияти мутахассиси.
*Фото сунъий интеллект ёрдамида генерация қилинган
Post Comment