Тиббиёт ҳамда педагог ходимлар билан учрашувлар ўтказилди

Тиббиёт ҳамда педагог ходимлар билан учрашувлар ўтказилди

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганининг йигирма тўққиз йиллиги арафасида соҳага дахлдор идоралар томонидан турли кўринишдаги маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмалари ҳамкорлигида Тошлоқ тумани ҳамда Марғилон шаҳрида ўтказилган тадбирлар шулар жумласидандир.

Тошлоқ тумани

  

Икки вилоят ташкилоти мутасаддилари дастлаб Тошлоқ туман Тиббиёт бирлашмасида тиббиёт ходимлари билан учрашдилар. Эътиборлиси мазкур ташкилотда узоқ йиллардан буён Федерациянинг бошланғич ташкилоти (таянч гуруҳи) фаолият кўрсатиб келаётган бўлиб, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти билан яқиндан ҳамкорликда ишлаб келади.

Тадбир доирасида иштирокчиларга юқорида номи зикр этилган қонуннинг қабул қилиниши тарихи, унинг юртимиз аҳолиси (истеъмолчилар) учун аҳамияти ва жамият ҳаётида тутган ўрни хусусида атрофлича маълумотлар берилиб, Қўмита ва Федерациянинг ҳудудий ташкилотлари томонидан унинг ижросини таъминлаш ва аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тарғиботини олиб бориш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборотлар бериб ўтилди.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари тингланиб, уларнинг саволларига жавоблар қайтарилди.

Марғилон шаҳри

Рақобат бошқармаси ҳамда ҳудудий бирлашма масъул ходимлари Марғилон шаҳридаги 9-сонли мусиқа мактаби педагоглар жамоаси билан ҳам учрашдилар. Тадбир аввалида мазкур мактабда ҳам узоқ вақтлардан буён Федерациянинг бошланғич ташкилоти (таянч гуруҳи) фаолияти кўрсатиши ва Федерациянинг Марғилон шаҳар жамияти билан яқиндан ҳамкорликда фаолият олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида мамлакатимизда истеъмочиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид қонунчиилкни юзага келиши, тараққиёти ва бугунги ҳолати юзасидан маълумотлар бериб ўтилди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлардан ҳаётий мисоллар келтириб ўтилиб, қонунчиликни янада такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Тадбирда сўз олганлар юртимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, соҳага дахлдор идораларнинг яқиндан ҳамкорлиги, қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларида фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдириб ўтдилар.

Post Comment