Сотувчи ҳисоб-китобда адашди, фақат … ўзининг фойдасига

Сотувчи ҳисоб-китобда адашди, фақат … ўзининг фойдасига

Эээ, нега тушунмайсиз опа, битта нолга адашган бўлсам адашгандирман, шунгаям ота гўри қози хонами, мана дўкондан шунга яраша товар олиб кетаверинг мени вақтимни олмай, тамом вассалом, — сотувчининг бундай муомаласини кутмаган Озода опа унга тушунтиришлар фойда бермаслигига кўзига етиб мазкур масалада ёрдам сўраб Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга қарор қилди.

Аслида математикада “ноль” сони “ҳеч нарса” деган маънони англатади. Агар сотиб олган товарингиз ноль сўм бўлди, дейишса демак бу бепул дегани билан тенгдек, гўё. Лекин ўша сон бошқа сонлардан кейин келса масала жиддий тус ола бошлайди. Айтайлик, Сиз 100 000 (юз минг) сўмлик маҳсулот харид қилиш ниятида пластик картангизни сотувчига бердингиз, у эса адашиб терминалга битта ноль қўшиб уриб юборса, бир ойлик иш ҳақингиздан ажралиб қолишингиз ҳам мумкин.

Бағдод тумани Чекмирзаобод қишлоғида яшовчи О.Султонова билан ҳам шу каби ҳолат юз берган. У уйида ишлаётган усталарнинг сўрови билан савдо дўконига келади. Ўзига зарур маҳсулотларни танлагач, 72000 (етмиш икки минг) сўм бўлишини эшитиб, пластик карточкасини сотувчига тутқазади, сотувчи эса терминалга 720 000 (етти юз йигирма минг) сўм уриб юборади. Усталарга тезроқ материалларни етказиб берай деган мақсадда шошиб турган истеъмолчи сотувчининг адашганлигини йўл-йўлакай сезиб қолади, унинг ҳузурига қайтиб келиб эътирозларини билдиради.

Ушбу материални ўқиётган ўқувчилар шу билан нима бўлипти, ҳозирги замонда шу ҳам муаммоми, сотувчи адашибди, у ортиқча олган маблағини харидорнинг пластик карточкасига қайтаради-да, дейишлари мумкин. Бу албатта, тўғри. Лекин бунинг учун сотувчи деганлари юзага келган ҳолатда ўзи айбдорлигини тан олиб, истеъмолчидан узр сўраб, ортиқча олинган маблағни қайтариш чораларини кўриши керакми ё йўқми? Адашгани етмагандек, қўполлик қилса, ана дўконда шунга яраша маҳсулотлардан олиб кетаверинг, деб турсачи? Энди бу ҳолатда “Истемолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши юзага келади. Қонуннинг 21-моддасида, шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган.

Туман жамияти ходимлари дўкон сотувчиси К.Мусурмонқуловга қонуннинг ана шу талаблари, савдо қоидалари, истеъмолчилар билан қўпол муомалада бўмласлик масалаларида тушунтиришлар бериб, ортиқча ечилган 648000 сўм маблағни унинг ҳисобидан истеъмолчига қайтаришга эришдилар.

 МАРҒУБА ОЛТИБОЕВА

Бағдод туман ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот мутахассиси

(юқорида иллюстратив фото)

Отправить комментарий