«ISTE`MOL MADANIYATI» газетаси мулоҳазага чорлайди

«ISTE`MOL MADANIYATI» газетаси мулоҳазага чорлайди

 

– Тўхтамурод машингангизга қанақа бензин қуйдингиз?

– АИ-90 деганидан-да.

– Ишончингиз комилми?

– Ҳа, мана касса чекиниям олганман.

   – Ие, бу чекда фақатгина Сизни қанча пул тўлагангиз ёзилиптику, қайси маркадаги бензинлиги ҳам, неча литр қуйганингиз ҳам бу ерда кўрсатилмаган.

  – … ?

Кундалик ҳаётимизда нафақат автомобилларга ёқилғи қуйиш шоҳобчасида, балки дўконлар, дорихона ва бошқа жойларда шу каби ҳолатларга кўп дуч келамиз. Аввало, аҳолига ҳалол хизмат кўрсатиб, нақд пул тушумини назорат касса машиналарига кирим қилаётган, олди-сотди амалга оширилганлигини ёки товар (иш, хизмат)ларнинг пули тўланганлигини тасдиқловчи касса чекларини истеъмолчиларнинг қўлига тутқазаётган, умуман олганда амалдаги қонун-қоидаларга амал қилаётган сотувчи (ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи)ларга миннатдорчилик билдиришимиз зарур. Нақд пул тушуми кассага кирим қилинаяптими, демак пулларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишининг олди олинаяпти. Бозор иқтисодининг энг устувор тамойилларидан бири ҳам шу аслида. Лекин…

Бугунги кунда аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нақд пул тўлангач берилаётган касса чекларига ҳеч эътибор қаратганмисиз? Айтайлик, дўконга кириб, 100 минг сўм нақд пулга 20 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олдингиз. Қўлингизга эса касса чекини беришди. Уйга келгач, озиқ-овқат маҳсулотлари бири истеъмолга яроқсиз эканлигини пайқаб қолдингиз. Ушбу товарни дўконга олиб бориб, сотувчига эътирозларингизни билдирдингиз. Сотувчи амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқидан фойдаланиб, «Қани, ушбу товарни бизнинг дўкондан сотиб олганлигингизни қандай исботлайсиз?», деган саволни кўндаланг қўяди. Сиз ҳам, ўз навбатида, касса чекини кўрсатасиз. Шунда у 100 минг сўмлик маҳсулотлар мазкур дўкондан сотиб олинганлигини тасдиқлаб, «қўлингиздаги товарни бизнинг дўкондан олмагандирсиз, эҳтимол, бошқа дўкондан харид қилгандирсиз, эслаб кўринг» деган гапни айтиши ҳам мумкин. Ҳеч биримиз бунақа ҳолат бўлмайди, дея айтолмаймиз.

Қолаверса, бундай шароитда ҳақиқатан ҳам сотиб олган картошканинг ҳар килосини 2 минг сўмдан, пиёзни эса 1 минг сўмдан сотилганлигини тасдиқлайдиган далил, исбот ҳам йўқ.

Албатта, бугун нафақат катта-катта супермаркетларда, айрим кичикроқ дўконларда ҳам истеъмолчиларга товар чеклари берилмоқда. Лекин чакана савдонинг барча бўғинларида ҳам ушбу амалиёт жорий этилмаганлиги айни ҳақиқат. Биз тушунарлироқ бўлиши ва масаланинг туб моҳиятини кенгроқ очиб бериш учун ҳам дўкондан мисол келтирдик.

Яна бир қизиқ ҳаётий мисол ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Тошлоқлик бир йигит телефон қилиб, «Инсофдан чиқиш бунчаликмасда, энди», деб шикоятини бошлади. Масаланинг моҳияти нимада эканлигини сўраганимизда, у қуйидаги эътирозларини билдирди:

– Ука, DAMAS автомашинам бор. Ҳали уни метан газига мослаштиришга улгурганим йўқ. DAMAS бензобакига 36 литр* бензин сиғади. Буни автомашинанинг техник параметрлари кўрсатилган китобчасидан кўрганман. Бугун эрталаб машинамни ҳайдаб, 5-6 километр узоқликдаги ёқилғи қуйиш шоҳобчасига бордим. Ҳисобимга кўра, автомашина бакида 5 литрга яқин бензин қолганди. Шоҳобчага кириб, бакни тўлдирилган ҳолда бензин қуйишларини сўрадим. Ёқилғи қуйиб бўлингач, автомашинага 40 литр бензин кетди, деган гапни айтишди. Мен уларга техник тавсифга кўра, автомашина бакига 36 литр бензин кетишини, бакка 40 литр бензин сиғиши мумкин эмаслигини, бундан ташқари, бакда 5 литрга яқин бензин бўлганлигини айтдим. Лекин улар эътирозларимга қулоқ солмасдан, 40 литр бензин учун пул олишди. Энди келинг, оддий арифметик ҳисоб-китоб қилиб қўрайлик. Агар автомашинамнинг баки қуп-қуруқ бўлиб, мен уни шоҳобчагача судраб олиб келган тақдиримда ҳам, улар мендан 4 литр (40 – 36 = 4 л) учун ортиқча пул олишмоқда. Агар машинамни бензобакида майли 5 эмас, 4 литрча бензин бўлган, деб фараз қиладиган бўлсак, бу ҳолда мен 8 литрга (4 + 40 – 36 = 8 л) ортиқча пул тўлабман. Ҳали уларнинг қандай маркадаги бензин қуйганликлари масаласи бўйича мулоҳазаларимни айтганим йўқ. Колонкага «АИ фалон» марка деб ёзиб қўйилган.

Ҳақиқатан ҳам, ушбу фуқаронинг гапларини ақл тарозисига қўйиб, оддий арифметик ҳисоб-китобларни қилиб кўрсак, у кишининг жон куйдирганича бор. Истеъмолчининг қўлида олди-сотди амалга оширилганлигини тасдиқловчи касса чеки турибди. Касса чекида эса «фалон минг сўм», деган ёзув бор, холос. Камига шоҳобчадагилар томонидан қандай маркадаги бензин қуйилди-ю, улар ҳар бир литр бензин учун неча пулдан олганликлари бўйича савол ҳам очиқ қолмоқда. Шаҳобчадагилар жуда дўппи тор келиб қолса, «Биз 80 эмас, 90 маркали бензин қуйганмиз, ана чекда кўрсатилган суммани 3800 сўмга эмас, 4000 сўмга бўлинг, 36 литр бўлади-да!», деб  баҳона қилишлари ҳам мумкин.

Агар ушбу ҳолатда истеъмолчининг қўлида зарур маълумотлар тўлиқ ёзилган товар чеки бўлганида, турли тушунмовчиликлар келиб чиқмаган бўларди. Шу ўринда юқоридаги келтирилган ҳаётий мисолдаги каби «DAMAS автомашинаси бакига 36 литр сиғадими ёки 40 литрми?» деган масала устида баҳслашиш ҳолати юзага келмайди.

Бугун ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланиб, уйдан чиқмасдан туриб, интернет тармоғи орқали турли тўловларни амалга ошириш имкони мавжуд. Айрим хизмат кўрсатувчи, савдо ташкилотлари ўз имижи устида изланиб, истеъмолчиларга тўловлар борасида қулайликлар яратиш, савдо ҳажмларини янада ошириш устида тинимсиз бош қотираётган бир пайтда, товар чеки бериш керакми ёки касса чеки билан қаноатланса бўладими, деб баҳслашишимиз тўғри эмас, назаримизда. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқи, 6-моддасида эса ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгилаб қўйилган.

Айтиш мумкинки, истеъмолчининг савдо дўконидан бир неча турдаги маҳсулот сотиб олиши ёки ҳайдовчининг шоҳобчадан бензин ёқилғисини қуйгани учун товар чеки эмас, оддийгина касса чекининг берилиши билан амалдаги қонун талабларининг ижроси тўлиқ таъминланмайди.

Озиқ-овқат дўконларида, дорихоналарда, автомобилларга ёқилғи қуйиш, умумий овқатланиш шоҳобчаларида мажбурий тартибда товар чеки берилишини йўлга қўйилиши лозим. Бу билан истеъмолчиларга қулайликлар яратиш баробарида, сотувчиларнинг ҳам келажакда турли муаммоларга дуч келишини олди олинади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши эса истеъмолчиларнинг зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олишига, сотиб олинган товар (иш, хизмат)дан кўзланган мақсадда фойдалана олмасликка, истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғига ёхуд мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса қонунбузилиши ҳолати сифатида хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ҳуқуқий санкцияларни қўллашга олиб келади.

Мақсадимиз сотувчи ҳам, олувчи ҳам жабр кўрмайдиган олтин ўрталикни топиш, сотувчи сотиб, олувчи эса олиб, барака топишига шароит яратишдир.

Ғайрат Маматқулов

Ҳудудий бирлашма раис ўринбосари-матбуот, ахборот, жамоатчилик билан ишлаш сектори бошлиғи

      *Маълумот учун! Мана бу ҳаволада DAMAS B150 моделидаги автомашинанинг бензобаки сиғими 37 литрлиги кўрсатиб ўтилган: https://www.auto-uzbekistan.com/gm-uzbekistan/damas/103-detalnye-tehnicheskie-harakteristiki-chevrolet-damas-shevrole-damas.html

«ISTE`MOL MADANIYATI» газетасидан олинди. «Товар чекига тўлиқ ўтиш вақти келмадимикан?». №10 (58) 29.05.2019 й

 

Post Comment