Сотувчи аввал истеъмолда бўлган товарни янги деб сотиб истеъмолчини чиқимдор қилди

Сотувчи аввал истеъмолда бўлган товарни янги деб сотиб истеъмолчини чиқимдор қилди

Федерациянинг Ўзбекистон туман жамияти томонидан тумандаги корхона, ташкилотларда турли мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб борилмоқда. Шундай тадбирлардан бирида мактабгача таълим муассасасида ишловчи М.Х. ўзига янги деб сотилган товарнинг аввал истеъмолда бўлган товар бўлиб чиққанлиги ҳолати юзасидан мурожаатини билдирганди.

Истеъмолчининг мурожаати асосида ўрганиш ишлари ўтказилди. Маълум бўлишича, истеъмолчи Қўқон буюм бозорида савдо фаолиятини олиб борувчи тадбиркор Р.Б. дан Украина Республикасида ишлаб чиқарилган “Бирюса” маркали музлатгични 2550000 (икки миллион беш юз эллик минг) сўмга сотиб олган. Товар тадбиркор томонидан янги деб сотилган бўлсада, истеъмолчи уйига олиб келиб ишлатиши жараёнида уни аввал истеъмолда бўлганлиги белгилари яққол намоён бўлган. Музлатгичнинг айрим қисмлари занг босганлиги, қирилганлиги унинг товар ҳақидаги шубҳа ва гумонларини янада тасдиқлаган. Шундан сўнг у тадбиркор билан учрашиб музлатгични янгисига алмаштириб берилишини ёки пулини қайтарилишини талаб қилади, лекин бундан натижа чиқара олмайди.

Ўрганишлар жараёнида М.Х.га: “Товарни сотиб олаётганингизда сотувчи Сизга музлатгични коробкасиз, очиқ ҳолда сотибди, камига товарга тааллуқли ҳужжатларни сўраганингизда тақдим қила олмапти, наҳотки шулар ҳам Сизни сергаклантирмади?”, – деб сўраганимизда, истеъмолчи тадбиркорнинг лафзига ишонганлигини айтишдан нарига ўтолмади. Қарангки, музлатгич 2014 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳақиқатан ҳам истеъмолда бўлган экан.

Юқоридаги ҳолатга йўл қўйиши билан сотувчи “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида кўрсатиб ўтилган истеъмолчиларга “товар (иш, хизмат) ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши” борасидаги мажбурияти бажармасдан, истеъмолчининг мазкур қонун 4-моддасида кўрсатиб ўтилган асосий ҳуқуқларидан бири, яъни товар (иш, хизмат) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқини бузилишига сабабчи бўлган, натижада қонуннинг 7-моддасида кўрсатиб ўтилган қонунбузилиши ҳолати (товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри маълумот бериш)ни келтириб чиқарган. Бундай ҳолат содир этилганда истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Туман жамияти ходимлари Қўқон шаҳар жамияти ходимлари ҳамкорлигида тадбиркорга қонуннинг юқоридаги талаблари ва келтириб чиқарувчи оқибатлари юзасидан тушунтириш ишларини олиб бордилар. Натижада истеъмолчи ҳуқуқи тикланишига эришилиб, истеъмолчининг нуқсонли товари янги ва мақбул сифатдаги товарга алмаштирилди.

Ҳурматли истеъмолчилар!

Унутманг! Сотувчи олди-сотди жараёнида Сизга ўзи реализация қилаётган товар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт (қонуннинг 6-моддаси). Агар харидор томонидан сотиб олинадиган товар истеъмол қилинган бўлса ёки унинг камчилиги (камчиликлари) бартараф этилган бўлса, харидорга бу тўғрида маълумот берилиши керак (қонуннинг 9-моддаси, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 14-банди).

 

Музаффар Жураев

Ўзбекистон туман ИҲҲҚ жамияти раиси

Post Comment