Сотувчи кўйлакни кийиб кўриш учун шароит яратиб бериши шартми?
Марғилон шаҳрида яшовчи Г.Қодирова (исми шарфи ўзгартирилган) Ипакчилар шаҳарчаси буюм бозори ҳудудидаги савдо дўконларининг биридан ўзи учун сотиб олган кўйлакни сотувчига қайтариш масаласида юзага келган муаммо юзасидан мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, у буюм бозоридан ўзига маъқул келган кўйлакни танлаб, у ерда кийиб кўришнинг имкони бўлмаганлиги сабабли уйига олиб келаверган. Уйда кийиб кўрганида кўйлакнинг ўлчами бир оз торроқ келган. Бозорга қайтиб бориб сотувчига бу ҳақда айтганида, у алмаштириб бермаслигини билдирган.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни 18-моддасига асосан, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади.
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 27-бандига кўра, харидор ноозиқ-овқат товар унга берилган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида, агар бундан узоқроқ муддат сотувчи томонидан эълон қилинмаган бўлса, сотиб олинган товарни айнан шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, рангдаги ёки комплектациядаги бошқа товарга харид қилинган жойда ва сотувчи томонидан эълон қилинган бошқа жойларда нархида тафовут бўлган тақдирда сотувчи билан зарур ҳисоб-китоб қилган ҳолда алмаштиришга ҳақлидир.
Мазкур Қоидаларнинг 160-бандига кўра, сотувчи харидорга тикув, устки трикотаж буюмлар, бош кийимлар, мўйнали товарлар ва пойабзални кийиб кўриш учун шароитлар яратиши керак.
Демак, юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, сотувчи истеъмолчининг қонуний талабларини бажаришни рад қилган, шунингдек истеъмолчига қонуннинг 9-моддаси ва Қоидаларнинг 160-бандида кўрсатиб ўтилган шароитни таъминлаб бермаган.
Ўрганиш ишлари давомида сотувчига қонуннинг юқоридаги талаблари тушунтирилди. У сотувда истеъмолчига мос келувчи худди шундай товар бўлмаганлиги сабабли истеъмолчининг кўйлак учун тўлаган 200000 (икки юз минг) сўм пули қайтариб берди.
Ҳурматли истеъмолчилар!
Унутманг!
Мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида алмаштириб олиш учун элтаётганингизда, алмаштириб олиш ҳуқуқингизни йўқотиб қўймаслигингиз учун қуйидаги ҳолатларга ҳам эътибор қаратишингизни сўраймиз:
– товар Сиз томонингиздан истеъмол қилинмаган бўлиши;
– товар кўринишига, истеъмол хоссаларига зиён етказилмаган бўлиши;
– пломбаси, ёрлиқлари сақланган бўлиши;
– шунингдек товарни ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи мавжуд бўлиши керак.
Боходирхон Усмонов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси
Post Comment