Аввал истеъмолда бўлган товар машмашаси

Аввал истеъмолда бўлган товар машмашаси

ЎИҲҲҚЖ Федерацияси Наманган шаҳар ижро этувчи аппаратига жорий йилнинг 30 октябрь куни Наманган шаҳрида яшовчи К.Н. ёзма равишда мурожаат қилди. Мурожаатда ёзилишича, К.Н. шу йил октябр ойида аввал истеъмолда бўлган уяли алоқа телефонини 550.000 (беш юз эллик минг) сўм эвазига сотиб олган. Лекин …

Маълум бўлишича, истеъмолчи “Чорсу меҳмонхонаси” ҳудудида жойлашган телефон дўконидан “J7” русумли илгари бир муддат ишлатилган телефон аппаратини сотиб олади. Кейинчалик телефондан фойдаланиш чоғида эса унинг камчиликлари бўй кўрсатади. Истеъмолчи товар харид қилинган дўконга қайтиб бориб, сотувчига  нуқсонли телефонни алмаштириб беришларини, бўлмаса тўланган пулни қайтаришларини сўрайди. Сотувчи эса, сотилган товар қайтариб олинмаслигини билдиради.

Маълумки, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига асосан, сотувчи ўзи томонидан реализация қилинаётган товар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 14-бандига кўра, харидор томонидан сотиб олинадиган товар истеъмол қилинган бўлса ёки унинг камчилиги (камчиликлари) бартараф этилган бўлса, харидорга бу тўғрида маълумот берилиши керак. Агар сотувчи товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берган бўлса, ва бу ҳолат истеъмолчи томонидан зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир (қонуннинг 7-моддаси);  

Наманган шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида сотувчига амалдаги қонун ва савдо қоидалари юзасидан қўшимча тушунтиришлар берилди.  Натижада истеъмолчи К.Н. нинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, нуқсонли товар учун тўлаган 550.000 сўм маблағи сотувчидан қайтариб олиб берилди. Мурожаати ижобий ечим топиб, бузилган ҳуқуқлари тикланганлигидан хурсанд бўлган К.Н. ўз миннатдорчилигини ёзма равишда баён этди.

Ҳусанбой Алиев

Наманган шаҳар ИҲҲҚ жамияти раиси

Post Comment