Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни арафасида

Барчамизга маълумки, бутун дунёда 15 март “Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида кенг нишонланади.

Ушбу санага бағишлаб соҳага дахлдор ташкилотлар томонидан ҳар йили турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Шу жумладан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан ҳам ушбу санага бағишлаб турли кўрик-танловлар, савол-жавоб кечалари, учрашувлар ўтказиб бориш анъана тусига кирган.

Ана шу санага бағишлаб ҳамда ҳудудий бирлашманинг 2021 йил асосий фаолият йўналишлари режасига асосан Федерация тизимида меҳнат фаолияти олиб бораётган ходимлар ҳамда Федерация фаоллари ўртасида “Брейн-ринг” интеллектуал ўйини ўтказилди.

Интеллектуал-ўйинда вилоятда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати тизимида меҳнат фаолияти олиб бораётган ҳамда ушбу ҳаракатга ҳайриҳоҳ бўлган Федерация фаолларининг Қувасой шаҳри, Фарғона, Қува ва Тошлоқ туманларидан ташриф буюрган жамоалари иштирок этдилар.

Ўйин иштирокчилари томонидан берилган жавобларни ҳудудий бирлашма раиси Ахроржон Рахмоналиев, ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи Отабек Миллабоев ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Юнусали Қозихоновлардан иборат таркибдаги Ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Интеллектуал-ўйин натижаларига кўра, биринчи ўринни Фарғона туманининг “Қалқон” жамоаси эгаллади. Тошлоқ туманининг “Ҳимоячилар” ва Қува туманининг “Адолат” жамоалари мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни бўлишиб олдилар.

Шу куни ҳудудий бирлашма раиси Ахроржон Рахмоналиев иштирокида тадбирга ташриф буюрган оммавий ахборот воситалари вакиллари билан матбуот анжумани ҳам ташкилланди.

Унинг доирасида дунёда ва мамлакатимизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг вужудга келиши, ривожланиши ва бугунги ҳолати, Федерация ва унинг ҳудудий органлари томонидан 2020 йил давомида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш борасида олиб борилган ишлар хусусида атрофлича маълумотлар бериб ўтилиб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Жойларда 15 март “Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни”га бағишланган тадбирлар давом эттирилмоқда.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати