Матбуот анжумани ва ОАВ вакилларини тақдирлаш

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 221-I-сонли Қонуни 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган бўлиб, 30 та моддадан иборат.

Кундалик турмуш жараёнида барчамиз истеъмолчимиз, деган тушунча мавжуд. Бу тушунча қаердан келиб чиққан?
Юқоридаги Қонуннинг 1-моддаси (Асосий тушунчалар)да истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс) эканлиги белгилаб қўйилган.
Фуқаро муайян мажбурият муносабатларида қатнашиши, йирик суммаларда битимлар тузиши учун муомала лаёқатига эга бўлиши керак. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 22-моддасига кўра, фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади.
Шунинг билан биргаликда, фуқарода ҳуқуқ лаёқати ҳам мавжуд бўлиб, Фуқаролик кодексининг 17-моддасига кўра, ҳуқуқ лаёқати инсон туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди.

Инсоннинг истеъмолчи деб эътироф этилиши учун эса, ҳуқуқ лаёқатининг мавжудлиги кифоядир. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Барчамиз – истеъмолчимиз” деган тушунча келиб чиққан.

Яна Фуқаролик кодексидан келиб чиқилса, унинг 16-моддасида, жисмоний шахслар деганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари тушунилиши кўрсатиб ўтилган. Шу сабабли ҳам истеъмолчи тушунчаси кенг тушунча бўлиб, нафақат мамлакатимизнинг 34 млн га яқин фуқароларини, балки юртимизда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет фуқароларини ҳам ўз ичига қамраб олади.

Қонуннинг 2-моддасига кўра, мамлакатимизда қабул қилинаётган Қонун ҳужжатлари ушбу Қонунда белгиланган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, уларни ҳимоя қилишнинг кафолатларини камайтириши мумкин эмас.

Амалдаги қонуннинг 4-моддасига кўра, истеъмолчиларнинг 6 та асосий ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилгандир. Улар: маълумот олиш, эркин танлаш ва сифатга бўлган ҳуқуқ, хавфсизлик, етказилган моддий зиён ва маънавий зарарларни қопланиши, ҳуқуқларини давлат идоралари ва суд томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларига бирлашиш каби ҳуқуқлардан иборатдир.

Амалдаги қонуннинг 5-моддасидан 22-моддасига қадар ва 28-моддаси истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқара олиши бўйича нормалар, шунингдек сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи)ларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини акс эттирувчи нормалардан иборат.

23-26-моддалари эса истеъмолчи ҳуқуқининг давлат томонидан кафолатланиши бўйича нормаларни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларининг бу борадаги ҳуқуқ ва ваколатларини акс эттиради.

27-моддасида қонун ҳужжатларини бзганлик учун жавобгарлик, 29-моддасида истеъмолчи ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича нормалар белгилаб қўйилган. 30-модда истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари ҳақидадир.

Қуйида эътиборингизга Фарғона вилояти ҳокими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори томонидан тасдиқланган “Фарғона вилояти ҳокими, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган тадбирлар режаси” ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да ҳудудий бирлашма раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида “Истеъмолчиларнинг маълумот олиш ҳуқуқи: жорий аҳвол, қонун ижросини таъминлаш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар. Суд идоралари ёрдамида истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш: соҳадаги ютуқ ва муаммолар” мавзусида ўтказилган матбуот анжумани тўғрисида ахборот лавҳасини ҳавола этамиз.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати