Озгина адашиш 14 миллион сўм қарздорликка олиб келиши мумкин(ми) …

Бувайда тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари шу туманда яшовчи фуқаро В.Қорабоевнинг ёзма мурожаатини ўргандилар. Истеъмолчининг мурожаатида иддао қилинишича, туман электр таъминоти корхонаси унинг хонадонига нисбатан 14 596 465 (ўн тўрт миллион беш юз тўқсон олти минг тўрт юз олтмиш беш) сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблаган.

Истеъмолчи мурожаати юзасидан ўтказилган ўрганиш жараёнида унинг яшаш манзилига ташриф буюрилганда, хонадонга бир неча ой илгари янги, замонавий, ақлли электр ҳисоблагич ўрнатилганлиги, истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни амалга ошириб келинаётганлиги маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китоблар истеъмолчида бунчалик даражада қарздорлик мавжуд бўлиши мумкин эмаслигини ҳам кўрсатди.

Мурожаатни ўрганиш доирасида туман электр таъминоти корхонасидан олинган жавоб хати эса буни тасдиқлади. Унда жумладан шундай дейилади: “Аниқланишича, Бувайда тумани электр таъминоти корхонаси томонидан фуқаро В.Қорабоевнинг яшаш хонадонида мавжуд бўлган ҳисоблагич кўрсаткичини амалдагига нисбатан қюори киритилганлиги оқибатида, 14 596 465 сўм миқдорида қарздорлик юзага келган. Ўрганиш давомида, хонадондаги электр ҳисоблагич кўрсаткичи “Электр-ҳисоб” дастури билан солиштирилди ва нореал қарздорлик эканлиги аниқланди. Мазкур нореал қарздорлик бўйича хатлов далолатномаси расмийлаштирилиб, хонадон шахсий ҳисобварақасидан чиқариб юборилиши натижасида қарздорлик 30.08.2021 йил ҳолатига 3 245 (уч минг икки юз қирқ беш) сўмни ташкил этди”.

Асроржон Йигиталиев
Бувайда туман ИҲҲҚ жамияти раиси