Янги қозон яроқсиз чиқди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Қуйи Яккатут маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи М. Жабборовнинг сотиб олинган товар сифатсиз чиққанлиги бўйича мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, истеъмолчи туман марказидаги хўжалик моллари дўконидан қиймати 200 000 сўм бўлган овқат пишириш учун мўлжалланган қозонни сотиб олгач, биринчи ишлатиши жараёнидаёқ қозон эриб, тешилиб қолган. У ушбу ҳолат бўйича дўкон эгасига мурожаат қилиб, сифатсиз товарни қайтариш ва нуқсонли товар учун тўланган пулни қайтариш бўйича ҳеч қандай натижага эриша олмаган.

Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари юзага келган масала юзасидан харидор ва савдо дўкони эгаси билан суҳбатлашиб, уларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талабларини тушунтирдилар. Натижада фуқаро томонидан билдирилган важлар асосли деб топилиб, унинг қонуний талаблари қондирилишига, яъни нуқсонли товарни сотувчига, пулни эса истеъмолчига қайтаришга эришилди.

Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси