Янги режалар белгилаб олинди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимларининг жойларда фуқароларнинг истеъмол маданиятини ошириш, уларни тизим ташкилотлари фаолиятидан хабардор қилиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган ишлари тизимли асосларда давом эттирилмоқда.

Куни кеча тумандаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида жорий йил учун белгиланган асосий фаолият ё‘налишлари иш режасига мувофиқ ўқув семинари ўтказилди. Мактабнинг ўқувчи ва ўқитувчиларидан иборат жамоаси иштирокидаги семинар “Мен ёш истеъмолчиман” дея номланиб, мавзу доирасида очиқ мулоқот ўтказилди.

Дастлаб йиғилганлар эътиборига ўтган давр мобайнида жамият томонидан фуқароларнинг мурожаатлари борасида олиб борилган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Сўнг эса ёш истеъмолчиларнинг соҳага оид қонунчилик асослари бўйича билим ва малакаларини синаш мақсадида савол-жавоблар ўтказилди. Ҳар бир савол юзасидан мутахассис ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Тадбирда бир гуруҳ ўқувчилар билан бирга касбий таълим бўйича мактаб директори ўринбосари Ҳусниддин Топволдиев, ўқитувчилардан Ҳасанбой Мирзалиев, Махфузахон Қодировалар ўзларини қийнаб келаётган муаммолари борасида саволлар бериб мутахассислардан тегишли жавобларни олдилар.

Фикр-мулоҳазалар ва музокараларга бой ўтган семинар сўнгида мактаб маъмурияти томонидан бу каби учрашувларни тез-тез ўтказиб туриш таклифи билдирилди.

Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси