Тўлов тўланган, аммо …

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Тоғлиқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ф.Қурбоновнинг оғзаки мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг иддао қилишича, унинг “Фарғонасувтаъминот” МЧЖ Тошлоқ туман филиалига ичимлик суви учун тўлаган 121 минг сўм маблағи корхонанинг компьютер базасига киритилмай, фуқарога нисбатан қарздорлик ҳисобланган.

Мурожаатни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиб чиқилиши жараёнида, “Фарғонасувтаъминот” МЧЖ Тошлоқ туман филиалида ҳам бўлиб масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилинди.

Ўрганиш натижалари фуқаро ҳақиқатан ҳам корхона ходимига тўловни амалга оширганлиги, лекин бу маблағ компьютер базасига киритилмасдан қолиб кетганлиги маълум бўлди. Амалга оширилган ишлар жараёнида ушбу тўлов суммасини компьютер дастурига киритилиши таъминланди.

Охирги натижалар истеъмолчининг қарздор эмас, балки хақдор эканлигини ҳам кўрсатиб берди.

Ҳуснидахон Якубова

Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси